Фарғонада касаба уюшмалари фидойилари эъзозланди
2026-11-05 19:25:00 / Янгиликлар

Унда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг масъул вакиллари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари ҳамда соҳа вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими йиғилганларни байрам билан самимий қутлаб, ушбу сана нафақат касаба уюшмалари ходимлари, балки меҳнати билан оиласи ва жамият фаровонлигига ҳисса қўшаётган барча юртдошларимизнинг, халқимизнинг байрами эканини таъкидлади.
Касаба уюшмаларининг меҳнаткашлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратишдаги фаоллиги эътироф этилди.
«Инсон қадри учун» тамойили Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асоси экани алоҳида таъкидланди. Бугунги кунда вилоятдаги 4 мингдан ортиқ бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти қарийб 700 минг нафар аъзони бирлаштирган. Уюшма аъзолари ислоҳотларда фаол иштирок этиб, уларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш ва меҳнаткашларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга ҳисса қўшмоқда. Вилоят ҳокими мамлакатимиздаги ислоҳотлар ва эришилаётган натижалар хорижда ҳам эътироф этилаётганини қайд этди. Касаба уюшма аъзолари ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси ҳамда тарғиботчиси эканлиги алоҳида қайд этилди.
Тадбирда вилоятда «Аёллар дафтари» орқали 562 минг нафардан зиёд эҳтиёжманд хотин-қизга амалий ёрдам кўрсатилгани, болалар оромгоҳларида эса ўғил-қизларнинг мазмунли дам олиши ва саломатлигини мустаҳкамлаши учун шароитлар яхшилангани айтилди. Шунингдек, «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида Федерация кўмаги билан вилоятнинг 2 минг нафарга яқин аҳолиси тарихий шаҳарлар, зиёратгоҳлар ва диққатга сазовор масканларга саёҳат қилиш имкониятига эга бўлди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари ҳам соҳа фаолларини байрам билан табриклаб, кейинги йилларда касаба уюшмаларининг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамлангани ва жамият ҳаётидаги ўрни ортиб бораётганини таъкидладилар.
Байрамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти Кенгашининг барча йўналишларда республикада биринчи ўринни эгаллагани мамнуният билан эълон қилинди.
Республика ва вилоят миқёсидаги танловлар ғолиблари ҳамда бир гуруҳ фаолларга фахрий ёрлиқлар, ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Байрам тадбири таниқли санъаткорлар, ашула ва рақс ансамблларининг чиқишлари билан кўтаринки руҳда давом этди.









