Фарғонада сув спорти турларини ривожлантириш янги босқичга кўтарилади
2026-11-04 20:30:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона шаҳрида жойлашган сув спорти турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида бўлиб, муассаса фаолияти, спортчилар учун яратилган шароитлар ҳамда эришилаётган натижалар билан танишди.
Айни пайтда мазкур спорт мактабида 179 нафар спортчи сув спортининг турли йўналишлари бўйича мунтазам машғулотлар олиб бормоқда.
Мактаб тарбияланувчилари республика ва халқаро мусобақаларда муносиб иштирок этиб, юқори натижаларни қайд этмоқда. Хусусан, 2025 йилда Ўзбекистон кубоги ва мамлакат чемпионатларида 34 та олтин, 66 та кумуш ва 122 та бронза медали қўлга киритилган.
2026 йилнинг ўтган даврида эса ушбу мусобақаларда 8 та олтин, 12 та кумуш ва 19 та бронза медали қўлга киритилди. Шунингдек, йил бошидан буён 27 нафар янги иқтидорли спортчи саралаб олинди.
Ўрганиш давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 ноябрдаги “Сув спорти турларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишларга ҳам эътибор қаратилди.
Вилоят ҳокими соҳа мутахассислари билан сув спорти турларини ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари, мавжуд инфратузилмадан самарали фойдаланиш, спортчилар учун қулай шароитлар яратиш ҳамда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Мутасаддиларга спорт мактаби фаолиятини янада такомиллаштириш, машғулотлар сифатини ошириш ва сув спорти турларини вилоятда янги босқичга олиб чиқиш бўйича зарур топшириқ ва кўрсатмалар берилди.




