Фарғонада замонавий турар жой ва савдо мажмуаси барпо этилади
2026-11-04 19:55:00 / Янгиликлар

Компания асосчиси Анвар Темиров вилоят раҳбарига лойиҳанинг кўлами, архитектуравий ечимлари, замонавий инфратузилмаси ҳамда аҳоли учун яратиладиган қулайликлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Умумий қиймати 290 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа доирасида 7 гектардан ортиқ майдонда 2 минг 700 дан зиёд хонадонга мўлжалланган 16 қаватли турар жой биноларини барпо этиш режалаштирилган.
Шунингдек, ҳудудда умумий майдони 100 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган уч қаватли замонавий савдо-кўнгилочар мажмуаси ҳамда иккита 20 қаватли бизнес маркази қурилади.
Мажмуа ҳудудида мактабгача таълим ташкилоти, яшил ҳудудлар, дам олиш масканлари, автотураргоҳлар ва аҳолига кундалик ҳаётда зарур бўлган хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилади.
Лойиҳанинг муҳим жиҳатларидан бири — бошқарув ва хизмат кўрсатиш жараёнларига илғор рақамли технологиялар, робототехника ҳамда сунъий интеллект ечимларини кенг жорий этишдир. Хусусан, ҳудудга кириш-чиқишни назорат қилишда шахсни идентификациялаш тизимларидан фойдаланиш орқали хавфсизликни таъминлаш кўзда тутилган.
Савдо-кўнгилочар мажмуасига 2030 йилга қадар жаҳонга машҳур 80 та халқаро брендни жалб этиш мақсад қилинган. Замонавий бизнес марказлари эса тадбиркорлар ва ишбилармонлар учун қулай иш муҳитини шакллантириш, ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда янги бизнес ташаббусларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Эътиборлиси, лойиҳа фақат замонавий биноларни барпо этиш билан чекланмайди. Келгусида турар жойлар ва мажмуа инфратузилмасидан фойдаланиш жараёнида ҳам компания томонидан узоқ муддатли, сифатли бошқарув ва сервис хизматларини кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Ташриф давомида вилоят ҳокимига “Yuksalish Group” компаниясининг “Янги Тошкент” лойиҳаси доирасидаги истиқболли ташаббуслари ҳам тақдим этилди.
Хайрулло Бозоров мазкур йирик инвестиция лойиҳасини белгиланган талаблар асосида сифатли амалга ошириш, қурилиш жараёнларида замонавий шаҳарсозлик меъёрларига қатъий риоя этиш, аҳоли учун хавфсиз, қулай ва барча зарур инфратузилмага эга яшаш муҳитини яратиш муҳимлигини таъкидлаб, масъулларга тегишли топшириқлар берди.






