"НЕФТЧИ" — ҒАЛАБАДА ҲАМ, СИНОВЛИ КУНЛАРДА ҲАМ БИРГАМИЗ!
2026-11-04 17:20:00 / Янгиликлар

Учрашувда сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда «Нефтчи» атрофида тарқалаётган турли асоссиз гап-сўзлар, миш-мишлар ва муҳокамаларга ҳам тўхталиб ўтилди. Жамоа тақдирига бефарқ бўлмаслик, унинг ютуқ ва камчиликларига муносабат билдириш табиий экани, бироқ ҳар қандай фикр холислик ва асосли далилларга таяниши лозимлиги таъкидланди.
Хайрулло Бозоров ҳақиқий мухлислик фақат ғалабаларни нишонлашдан иборат эмаслиги, балки жамоа қийинчиликларга дуч келган пайтда ҳам унинг ёнида туриш, елкадош бўлиш ва қўллаб-қувватлашда намоён бўлишини қайд этди.
Бу борада Германиянинг машҳур «Шальке-04» ва «Фортуна Дюссельдорф» клублари мисоли келтирилди. Ушбу жамоалар ўз тарихида турли қийинчиликларни бошдан кечириб, юқори лигалардан тушиб кетган даврларда ҳам содиқ мухлислари уларни тарк этмаган. Аксинча, қуйи лига учрашувларида ҳам минглаб мухлислар стадионларни тўлдириб, ўз жамоаларига доимий мадад бериб келган. Бу эса клубга садоқат ва ҳақиқий мухлислик маданиятининг ёрқин намунасидир.
Шунингдек, мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида футболни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор, амалга оширилаётган ислоҳотлар, футболда шаффофлик ва соғлом рақобат муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар ўзбек футболи тараққиёти учун янги имкониятлар яратаётгани таъкидланди. Миллий терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатига йўлланма олгани ҳам юртимизда футболга қаратилаётган эътиборнинг муҳим натижаларидан биридир.
Учрашувда чемпионат якунланишига атиги бешта тур қолгани, олдиндаги ҳар бир учрашув ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди.
Энди ҳар бир ўйин — финал, ҳар бир очко эса олтинга тенг!
Айни шу масъулиятли паллада футболчилар, мураббийлар, клуб раҳбарияти ва мухлислар бир мақсад йўлида жипслашиши, жамоани ҳар бир учрашувда астойдил қўллаб-қувватлаши муҳимлиги қайд этилди. Мавсум якунида «Нефтчи»нинг чемпионликка эришиши барчамизнинг эзгу ниятимиз ва умумий мақсадимиз экани, бу йўлда мухлисларнинг ишончи, садоқати ва доимий мадади катта куч бўлиши таъкидланди.
Зеро, «Нефтчи» — шунчаки футбол клуби эмас. У Фарғона халқининг кўп йиллик тарихи, ғурури, ифтихори ва бир неча авлодни бирлаштириб келаётган умумий қадриятидир.
Эндиликда барчамиздан жамоа атрофида бирдамликни мустаҳкамлаш, асоссиз миш-мишлар ўрнига холис фикр ва амалий таклифларга таяниш, стадионларда соғлом ва маданиятли мухлислик муҳитини шакллантириш талаб этилади.
Келинг, чемпионатнинг қолган бешта учрашувида ҳам Нефтчини ёлғиз қолдирмайлик! Стадионларни тўлдириб, футболчиларимизга куч ва ишонч бағишлайлик. Ғалабаларда ҳам, қийинчиликларда ҳам бир сафда бўлайлик!
Нефтчи — бизнинг фахримиз! Чемпионлик сари биргаликда!





