Фарғона вилояти делегацияси XV Хитой халқаро хорижий инвестициялар ярмаркасида иштирок этмоқда
2026-11-03 09:00:00 / Янгиликлар

Мазкур нуфузли тадбирда Фарғона вилояти делегацияси ҳам иштирок этмоқда.
Хитойнинг хорижий инвестицияларни ривожлантириш ассоциацияси томонидан ташкил этилган ярмаркада давлат идоралари, халқаро ташкилотлар, инвестиция компаниялари ва бизнес доираларининг 2 мингдан ортиқ вакили қатнашмоқда.
Очилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг тадбир иштирокчиларига йўллаган видеотабриги намойиш этилди.
Ярмарка халқаро инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, истиқболли лойиҳаларни илгари суриш ҳамда хитойлик инвесторлар ва хорижий ҳамкорлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйишга қаратилган.
Тадбир доирасида Фарғона вилояти учун ажратилган кўргазма майдонида маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган экспортбоп маҳсулотлар намойиш этилмоқда. Экспозиция орқали вилоятнинг саноат ва экспорт салоҳияти, ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари ҳамда ҳамкорлик имкониятлари хорижий ишбилармонларга тақдим этилмоқда.
Шунингдек, ярмаркадаги иштирок вилоятнинг саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт-логистика, туризм ва ахборот технологиялари соҳаларидаги инвестиция лойиҳаларини илгари суриш, янги ҳамкорларни жалб этиш ҳамда қўшма корхоналар ташкил қилиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.









