Ўрмон хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш корхонаси билан танишилди
2026-10-31 18:15:00 / Янгиликлар

Мазкур корхона Беларуснинг йирик машинасозлик бирлашмаларидан бири — «АМКОДОР» холдинги таркибига кириб, ўрмон хўжалиги ва ёғоч тайёрлаш саноати учун замонавий махсус техникалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Корхонада дарахтларни кесиш, шохларидан тозалаш ва белгиланган ўлчамларда бўлакларга ажратишга мўлжалланган харвестерлар, кесилган ёғочларни ташиш учун форвардерлар ҳамда ўрмон хўжалигида фойдаланиладиган бошқа турдаги махсус машиналар ишлаб чиқарилади.
Ишлаб чиқариш жараёнларида замонавий муҳандислик ечимлари, автоматлаштирилган бошқарув тизимлари ва юқори технологияли ускуналардан фойдаланилади. Бу эса ўрмон хўжалиги ишларини механизациялаштириш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш имконини беради.
Корхонада 2025 йилда 80 дона махсус техника ишлаб чиқарилган бўлиб, 2026 йилда ушбу кўрсаткични 120 донага етказиш режалаштирилган. Истиқболда ишлаб чиқариш қувватларини янада кенгайтириш кўзда тутилган.
Ташриф давомида делегация аъзолари корхонанинг ишлаб чиқариш қувватлари, технологик жараёнлари ва тайёр маҳсулотлари билан яқиндан танишди.
Шунингдек, Фарғона вилоятида машинасозлик соҳасида саноат кооперациясини ривожлантириш, махсус техникалардан фойдаланиш ҳамда Беларусь тажрибасини ўрганиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.









