Фарғона вилояти делегацияси «Хатынь» мемориал мажмуасини зиёрат қилди
2026-10-31 17:15:00 / Янгиликлар

Делегация аъзолари дастлаб мемориал мажмуа ҳудудидаги музей билан танишди. Бу ерда Иккинчи жаҳон уруши йилларида Беларусь халқи бошидан кечирган оғир синовлар, фашистлар томонидан тинч аҳолига нисбатан содир этилган жиноятлар, вайрон қилинган қишлоқлар ва уруш қурбонлари хотирасига бағишланган тарихий экспозициялар намойиш этилган.
Маълумот ўрнида, 1943 йил 22 март куни Хатынь қишлоғи фашист жазоловчи бўлинмалари томонидан бутунлай йўқ қилинган. Ушбу фожиа оқибатида 149 нафар тинч аҳоли вакили, жумладан, 75 нафар бола ҳалок бўлган. Қишлоқдаги 26 та хонадон вайрон қилинган.
1969 йил 5 июлда мазкур фожиа содир бўлган ҳудудда «Хатынь» мемориал мажмуаси очилган. У Иккинчи жаҳон уруши даврида фашистлар томонидан вайрон қилинган Беларусь қишлоқлари ва тинч аҳоли қурбонлари хотирасини абадийлаштирувчи муҳим тарихий ёдгорлик ҳисобланади.
Музей билан танишувдан сўнг Фарғона вилояти делегацияси мемориал мажмуани зиёрат қилди. Мажмуадаги «Бўйсунмас инсон» ҳайкали, вайрон қилинган 26 та хонадон ўрнида барпо этилган рамзий ёдгорликлар, «Қишлоқлар қабристони» ва бошқа хотира масканлари билан танишилди.
Делегация аъзолари уруш қурбонлари хотирасини чуқур эҳтиром билан ёд этиб, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.
«Хатынь» мемориал мажмуаси нафақат Беларусь халқининг фожиали ўтмишини, балки бутун инсоният учун тинчликнинг нақадар бебаҳо неъмат эканини эслатиб турувчи тарихий хотира маскани ҳисобланади.









