Фарғона вилояти делегацияси Беларусдаги замонавий санаторий фаолияти билан танишди
2026-10-30 20:35:00 / Янгиликлар

Мазкур санаторий Беларусдаги йирик даволаш-соғломлаштириш ва дам олиш мажмуаларидан бири ҳисобланади. У мамлакатнинг энг йирик кўли — Нарочь соҳили яқинида, қарағайзорлар билан ўралган, экологик жиҳатдан қулай ва хушманзара ҳудудда жойлашган.
Санаторий юрак-қон томир, асаб, таянч-ҳаракат, овқат ҳазм қилиш ҳамда сийдик-таносил тизими касалликларини даволаш ва соғломлаштиришга ихтисослашган. Бу ерда 100 дан ортиқ турдаги тиббий муолажа ва соғломлаштириш хизматлари кўрсатилади.
Мажмуада замонавий тиббий хизматлар билан бир қаторда дам олувчиларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун ҳам барча зарур шароитлар яратилган. Хусусан, ёпиқ сузиш ҳавзаси, сауна ва ҳаммомлар, спорт заллари, бильярд ва боулинг заллари, ресторан ва кафелар, шунингдек, болалар учун махсус ўйин хоналари фаолият кўрсатмоқда.
Нарочь кўли соҳилида санаторийга қарашли махсус пляж ҳам ташкил этилган бўлиб, дам олувчилар учун қулай инфратузилма шакллантирилган.
Ташриф давомида делегация аъзолари санаторийнинг даволаш-соғломлаштириш хизматлари, замонавий инфратузилмаси ҳамда дам олиш ва тиббий хизматларни уйғунлаштириш борасидаги тажрибаси билан яқиндан танишдилар.









