Ёғочни қайта ишлаш ва мебелчиликдаги илғор тажрибалар Фарғонада қўлланилади
2026-10-30 13:35:00 / Янгиликлар

Делегация аъзолари Минск вилоятининг Молодечно шаҳрида жойлашган, табиий ёғочдан мебеллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган машҳур «Минский мебельный центр» (ММZ) қўшма корхонаси фаолияти билан танишдилар.
Мазкур корхона мебелларни асосан табиий қарағай (массив сосны) ёғочидан тайёрлайди. Маҳсулотлар мутлақо экологик тозалиги ва хонага ёқимли табиий ифор бериши билан ажралиб туради. Бу ерда ётоқхона, меҳмонхона, болалар ва ўсмирлар хоналари, ошхона ҳамда даҳлизлар учун мўлжалланган сифатли шкафлар, каравотлар, комодлар, буфетлар, стол ва стуллар ишлаб чиқарилади.
Корхона йилига қарийб 85 минг куб метр юмалоқ ёғоч материалларини (круглый лес) чуқур қайта ишлаш қувватига эга.
Ёғоч тилиш (лесопилка) ишлари Крупский ва Илья посёлкаларидаги махсус цехларда бажарилади. Заводда ҳар йили табиий қарағай массивидан 20 минг донадан ортиқ тайёр мебел тўпламлари тайёрланади.
Бу ерда ёғоч чиқиндиларини тўлиқ утилизация қилиш ва қайта ишлаш мақсадида экологик тоза ёнилғи гранулалари (пеллетлар) ва ёғоч брикетлари ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган. Корхона юқори қувват билан ишлагани боис тайёр маҳсулотларининг 93 фоизини экспортга йўналтиради. Асосий бозорлари — Россия, Қозоғистон, Шарқий ва Ғарбий Европа ҳамда Шимолий Америка давлатларидир.
Ёғоч тилиш заводи раҳбари Василий Силиц делегация аъзоларига иш жараёни ва маҳсулот турлари ҳақида батафсил маълумот берди.
Мулоқот давомида Фарғона вилоятида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилиниб, келгусида амалий ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди.









