Фарғона ва Минск вилоятлари ҳамкорлиги: янги қўшма лойиҳаларга старт берилди
2026-10-29 20:40:00 / Янгиликлар

Учрашувда икки ҳудуд ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида вилоят ҳокими Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб, стратегик шериклик мақомига эга бўлганини таъкидлади. Икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли савдо-иқтисодий, ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алоқалар изчил ривожланиб, амалий босқичга ўтгани қайд этилди.
— Мунтазам алоқалар, шубҳасиз, ўз самарасини бермоқда. Менинг Фарғона вилоятига ташрифим доирасида вилоятларимиз, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар имзоланган, турли маҳсулотларни етказиб бериш бўйича шартномалар тузилган эди, — дея таъкидлади Алексей Кушнаренко. — Биргаликда ташкил этилган бизнес-форум ҳамда делегация ташрифи доирасида режалаштирилган учрашувлар янги натижалар олиб келишига умид қиламан.
Учрашувда томонларнинг экспорт ва импорт имкониятлари алоҳида кўриб чиқилди. Минск вилояти Фарғонага озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, уруғлар, кўчатлар, мебеллар, ёғочсозлик маҳсулотлари ҳамда ўт ўчириш техникаларини етказиб беришга тайёрлигини билдирди. Фарғона вилояти эса Минск ҳудудига янги узилган ва қайта ишланган мева-сабзавотлар ҳамда енгил саноат учун зарур бўлган хомашёларни экспорт қилишдан манфаатдор. Мулоқот давомида Минск вилоятида чорвачилик тармоғини ташкил қилиш, мебелчилик, машинасозлик, энергия самарадорлиги йўналишлардаги ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифлари билдирилди.
Учрашув доирасида икки ҳудуд ўртасида телекўприк ташкил этилиб, инвестициявий лойиҳаларга старт берилди.
Хусусан, Фарғона вилоятининг Данғара туманида ғўзапоядан ёқилғи гранулалари (пеллет) ишлаб чиқарувчи завод қурилишига илк тамал тоши қўйилди. Бувайда туманида эса Беларусь ёғоч-тахта маҳсулотлари йирик омборининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Учрашув якунида Фарғона ва Минск вилоятлари ўртасидаги биродарлик муносабатларини изчил ривожлантириш ва ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга мўлжалланган 2026–2028 йилларга мўлжалланган «йўл харитаси» имзоланди.









