Фарғона ва Минск вилоятлари ўртасида янги иқтисодий кўприк: тадбиркорларнинг бизнес-форуми бўлиб ўтди
2026-10-29 20:10:00 / Янгиликлар

Беларусь савдо-саноат палатасининг Минск бўлими ва Минск вилояти ижроия қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбир икки давлат раҳбарлари томонидан белгилаб берилган ҳудудлараро стратегик шерикликни янги амалий мазмун билан бойитишга ҳамда иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилгани билан аҳамиятли бўлди.
"Минск ва Фарғона вилоятлари: умумий ўсиш стратегияси" мавзусидаги форумнинг очилишида Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Ислом Мадаминов, Минск вилояти ижроия қўмитаси иш бошқарувчиси Александр Логвин Ўзбекистон ва Беларус ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичда ривожланиб бораётганлигини таъкидладилар.
Бизнес форумда Беларусдаги бизнес муҳит ҳамда Фарғона вилоятининг иқтисодий ва саноат салоҳияти, хорижий инвесторлар учун яратилган кенг имкониятлар ва имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Хусусан, вилоятда мавжуд эркин иқтисодий зона ва кичик саноат зоналарида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Саноат кооперацияси ва автомобилсозлик, тўқимачилик ва енгил саноат, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати каби йўналишлардаги лойиҳалар бўйича ҳамкорлик масалалари ҳақида сўз юритилди.
Тадбир доирасида икки давлат тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри B2B форматидаги музокаралар ташкил этилди.
Учрашувлар якунида йигирмага яқин Фарғона вилоятининг экспорт ҳажмини ошириш, ҳудудга Беларуснинг илғор технологиялари ва инвестицияларини жалб қилиш, шунингдек, ўзаро маҳсулот етказиб беришни кўзда тутувчи қатор истиқболли битим ва меморандумлар имзоланди.









