Беларуснинг етакчи фармацевтика корхонаси билан ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда
2026-10-28 22:10:00 / Янгиликлар

«Белмедпрепараты» Беларусь фармацевтика саноатининг етакчи корхоналаридан бири бўлиб, 95 йилдан ортиқ ишлаб чиқариш тажрибасига эга. Корхона инсулин, фермент ва биоген препаратлар, шунингдек, онкологик касалликлар ҳамда силни даволашда қўлланиладиган дори воситаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Корхона таркибида 11 та технологик ва 6 та ёрдамчи цех мавжуд бўлиб, ишлаб чиқариш майдонлари 20 гектардан ортиқ ҳудудни эгаллайди. Барча ишлаб чиқариш участкалари халқаро GMP стандартлари талабларига мувофиқ сертификатланган.
Айни пайтда корхонада 300 га яқин турдаги дори воситалари ишлаб чиқарилади. Маҳсулотларнинг 60 фоизга яқини ички бозорда сотилса, қолган 40 фоизга яқини дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатига экспорт қилинади. Шунингдек, ҳар йили 5–8 турдаги янги дори воситаларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.
Вилоят ҳокими ўринбосари Ислом Мадаминов, Ўзбекистоннинг Беларус Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Нуриддин Мамажонов ҳамда Беларус Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Борис Андросюк, «Белфармпром» фармацевтика холдинги бош директори Юрий Походня ва «Белмедпрепараты» корхонаси бош директори Александр Жадан билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда фармацевтика соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, илғор технологиялар ва тажрибаларни ўрганиш, Фарғона вилоятида дори воситалари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Делегация аъзолари корхонанинг ишлаб чиқариш қувватлари, замонавий технологиялари ҳамда маҳсулот турлари билан яқиндан танишди.









