Чорвачилик соҳасидаги илғор тажрибалар ўрганилди
2026-10-28 22:05:00 / Янгиликлар

Делегация аъзолари Минск шаҳридаги «Белплемживобъединение» — Беларусь наслдор чорвачилик давлат бирлашмаси фаолияти билан танишди.
Мазкур бирлашма наслдор чорвачиликни ривожлантириш, селекция ва генетика соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш, чорва молларининг наслий сифатини яхшилаш ҳамда маҳсулдорлигини оширишга ихтисослашган. Шунингдек, замонавий репродуктив технологияларни жорий этиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш йўналишларида фаолият олиб боради.
Бирлашманинг ташқи иқтисодий фаолият бўлими бошлиғи Юрий Зыков делегация аъзоларига ташкилот фаолияти, наслчилик соҳасида эришилган натижалар ва қўлланилаётган илғор технологиялар ҳақида маълумот берди.
Бирлашма тизимида 6 та вилоят наслчилик корхонаси, наслдор буқаларни етиштиришга ихтисослашган республика корхонаси ҳамда сут сифатини аниқлаш лабораторияси фаолият юритмоқда.
Беларусь Республикасида сут йўналишидаги чорвачилик билан шуғулланувчи 942 та қишлоқ хўжалиги корхонаси мавжуд бўлиб, уларнинг 53 таси наслчиликка ихтисослашган. Мамлакатда сигирлар сони 1 миллион 358 минг бошни ташкил этади.
Бугунги кунда бирлашма Ўзбекистон билан ҳам ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган.
Мулоқот давомида Фарғона вилоятида чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш, наслдор чорва моллари сифатини яхшилаш, сут маҳсулдорлигини ошириш ҳамда Беларусь тажрибасидан самарали фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, соҳада ўзаро тажриба алмашиш, замонавий селекция ва генетика технологияларини жорий этиш ҳамда истиқболли ҳамкорлик йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.




