Фарғона журналистикаси устози Дониёр Эргашев 90 ёшда
2026-10-24 13:45:00 / Янгиликлар

Шу муносабат билан Фарғона шаҳридаги вилоят ахборот-кутубхона марказида вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, “Янги Фарғона” газетаси таҳририяти, “Фарғона вилояти телерадиоканали” давлат муассасаси ҳамда ҳамкор ташкилотлар иштирокида тадбир ташкил этилди.
Унда устознинг ҳамкасблари, шогирдлари, жамоатчилик вакиллари ҳамда оила аъзолари қатнашди.
Дастлаб вилоят ҳокими ўринбосари Хуршид Аҳмедов вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг устознинг қутлуғ 90 ёши муносабати билан йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Табрикда Дониёр Эргашевнинг эл-юрт хизматига бағишланган умри, соҳа ривожига қўшган ҳиссаси ва фидокорона меҳнати алоҳида эътироф этилди.
Тадбир давомида устознинг сермазмун ҳаёт йўли ва касбий фаолиятига тўхталиб ўтилди. Унинг вилоят телерадиоқўмитасида раҳбар, вилоят ҳокимлиги муассислигидаги газеталарда бош муҳаррир сифатида олиб борган фаолияти Фарғона журналистикаси тарихида муҳим ўрин тутади.
Дониёр Эргашев ярим асрдан зиёд умрини журналистикага бағишлаб, вилоятнинг ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётини ёритиш, халқнинг орзу-интилишлари ва бунёдкорлик меҳнатини қаламга олишга муносиб ҳисса қўшди. Унинг сўзга масъулият билан ёндашуви, касбига садоқати ва бой тажрибаси кўплаб ёш журналистлар учун ибрат мактабига айланди.
Устознинг журналистика соҳасидаги кўп йиллик хизматлари муносиб тақдирланиб, унга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони берилган.
Бугун ҳам матбуот янгиликларини кузатиб бориши, касбига бўлган меҳри ва ҳаётга фаол муносабати билан ёш авлодга намуна бўлиб келмоқда.
Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан ва устознинг ҳаёти ҳамда фаолиятига бағишланган видеолавҳада унинг нафақат журналист сифатидаги маҳорати, балки соғлом турмуш тарзига амал қилиши, жисмоний фаолликни тарғиб этиши ҳам алоҳида таъкидланди.
Устознинг ушбу йўналишдаги ибратли ҳаёт тарзи эътироф этилиб, унга вилоят спорт бошқармасининг ташаккурномаси ҳамда кўкрак нишони топширилди.
Тадбир иштирокчилари Дониёр Эргашевни қутлуғ ёши билан муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр, хотиржамлик ва хонадонига файзу барака тиладилар.
Тантана давомида устозга эсдалик совғалари топширилди.









