Таълим муассасаларида замонавий шароитлар яратилмоқда
2026-10-23 18:05:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бугун Сўх туманида бўлиб, дастлаб таълим муассасаларида олиб борилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишлари билан танишди.
Янгиариқ маҳалласидаги 2-сонли умумтаълим мактабида 8 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 330 ўринли янги ўқув биноси барпо этилмоқда. Шунингдек, ўқув биноси реконструкция қилинмоқда.
Вилоят раҳбари мазкур жараённи кўздан кечирди.
Ҳозирда мактабда 881 нафар ўқувчи икки сменада таҳсил олмоқда. Янги бинонинг фойдаланишга топширилиши натижасида таълим жараёнини бир сменада ташкил этиш имконияти яратилади. Лойиҳа доирасида замонавий синф хоналари, ўқув ва ёрдамчи хоналар ҳамда зарур инфратузилма ташкил этилади.
Вилоят ҳокими ҳудуддаги 30-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларини ҳам кўздан кечирди. Ушбу мақсадлар учун 2 миллиард 600 миллион сўм маблағ ажратилган.
Айни пайтда мазкур муассасада 8 та йўналиш бўйича 162 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Амалга оширилаётган ишлар ёшларнинг мусиқа ва санъат соҳасидаги иқтидорини ривожлантириш, уларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда таълим сифатини оширишга хизмат қилади.
Вилоят ҳокими таълим муассасаларидаги қурилиш ва таъмирлаш ишларини белгиланган муддатларда, сифатли якунлаш, ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берди.









