Фарғоналик пахтакорлар 371,5 минг тонна пахта хирмони яратиб, шартнома режасини бажарди
2026-10-23 08:50:00 / Янгиликлар

Ушбу меҳнат зафари Президентимиз раҳбарлигида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, соҳага замонавий агротехнологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш жараёнларини механизациялаш ҳамда илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижасидир.
Жорий йилда вилоят бўйича 72 минг гектар майдонда ғўза парваришланди. Шундан 62 минг гектарига, яъни умумий майдоннинг 86 фоизига хорижий навли чигитлар экилди.
Мавсум давомида агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, ғўза парваришида илмий ёндашувлардан фойдаланиш, суғориш, минерал ўғитлар билан озиқлантириш ва ҳосилни пишиб етилтириш ишларига алоҳида эътибор қаратилди.
Пахтачиликда юқори натижаларга эришишда замонавий техникалардан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этди. Хусусан, жорий йилда Хитойнинг «Swan» компаниясидан яна 135 та пахта териш машинаси харид қилиниб, вилоятдаги мавжуд терим машиналари сони 285 тага етказилди.
Замонавий техникалар ёрдамида 230 минг тонна пахта ҳосили йиғиб олинди. Бу терим муддатларини қисқартириш, меҳнат унумдорлигини ошириш ва даладаги йўқотишларни камайтириш имконини берди.
Эришилган натижаларда вилоятнинг барча ҳудудларидаги фермер хўжаликлари, пахта-тўқимачилик кластерлари, механизаторлар, агрономлар ва миришкор деҳқонларнинг фидокорона меҳнати муҳим ўрин тутди.
Айниқса, Қўштепа, Бағдод, Бувайда, Қува, Ёзёвон, Олтиариқ, Тошлоқ туманларидаги илғор фермер хўжаликлари юқори ҳосилдорликка эришиб, шартномавий мажбуриятларини биринчилардан бўлиб бажарди.Ўртача ҳосилдорлик гектарига 53,5 центнерни ташкил этди.
Фарғоналик пахтакорларнинг бу йилги меҳнат зафари ерга меҳр, касбга садоқат, илғор тажриба ва замонавий технологиялар уйғунлигининг ёрқин ифодаси бўлди.
Зафар муборак, фарғоналик пахтакорлар! Янги меҳнат зафарлари ва баракали хирмонлар ҳамиша ҳамроҳингиз бўлсин!



