Қишлоқ хўжалигида ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда
2026-10-22 20:40:00 / Янгиликлар

Учрашувда қишлоқ хўжалиги соҳасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, илмий тажриба алмашиш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
Мулоқот аввалида вилоят ҳокими Фарғона ва Миср ўртасидаги тарихий ришталарга тўхталиб ўтди. IX асрда яшаб, жаҳон илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аждодимиз Аҳмад ал-Фарғонийнинг Нил дарёси сув сатҳини ўлчашга мўлжалланган машҳур нилометрни барпо этиш ишларида иштирок этгани таъкидланди. Ушбу иншоот дарё суви сатҳини кузатиш ва қишлоқ хўжалиги ишларини режалаштиришда муҳим аҳамият касб этган.
Ал-Фарғонийнинг Мисрдаги илмий мероси икки ҳудудни тарих ва илм-фан орқали боғлаб турувчи муҳим ришталардан бири эканлиги эътироф этилди. Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ушбу алоқаларни янги мазмун билан бойитишга хизмат қилиши айтилди.
Делегация раҳбари Ахмед Гамеа Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари марказининг асосий фаолият йўналишлари ҳақида маълумот берди. Марказнинг қишлоқ хўжалиги экинларининг янги навларини яратиш, илғор агротехнологияларни ишлаб чиқиш, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, илмий ишланмаларни фермер хўжаликларига жорий этиш борасидаги тажрибаси ҳамкорлик учун муҳим имконият сифатида қайд этилди.
Марказ таркибидаги илмий-тадқиқот институтлари ва лабораториялар салоҳиятидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалигига илмий ёндашув ва замонавий технологияларни кенг жорий этиш масалаларига эътибор қаратилди.
Учрашувда “Uzagrostar xolding” компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.
Келгусидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари келишиб олинди.


