Фарғоналик ёш спортчилар Президент олимпиадасида юксак натижаларни мақсад қилган
2026-10-22 15:55:00 / Янгиликлар

Фарғона давлат университетида бўлиб ўтган мулоқотда вилоят Спорт бошқармаси бошлиғи Нодирбек Ҳакимов “Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” ҳамда унинг финал босқичи- Президент олимпиадаси мусобақалари доирасида амалга оширилган ишлар, иштирокчилар қамрови ҳамда тайёргарлик жараёнлари ҳақида ахборот берди.
Жорий йилда “Янги Ўзбекистон олимпия чўққилари” мусобақаларида вилоят бўйича 21 та спорт тури кесимида 26 минг 993 нафар спортчи рўйхатдан ўтган.
Президент Олимпиадаси республика босқичига вилоятдан жами 360 нафар, шундан 255 нафар спортчи, 95 нафар мураббий ва 10 нафар делегация аъзолари бориши режалаштирилган. Мазкур спортчилардан 33 нафарини параспортчилар ташкил этмоқда.
Мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриш, иқтидорли спортчиларни саралаш ва уларнинг муносиб иштирокини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан амалий ёрдам кўрсатилиб, моддий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров тадбирда сўз олиб, Президентимиз ташаббуси билан ислоҳотларнинг илк кунлариданоқ барча соҳалар қатори жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади. Ўтган йилдан бошлаб энг иқтидорли ёшларни селекция қилиш ва уларни катта спортга йўналтириш бўйича мутлақо янги тизим – Президент Олимпиадаси ўйинлари ташкил этилаётгани ҳам ёшларимиз учун муҳим майдон бўлганлиги қайд этилди.
Президент олимпиадаси ёшлар учун ўз иқтидорини намоён этиш, маҳалладан бошлаб катта спорт сари дадил қадам ташлашга йўл очмоқда. Мусобақаларнинг қуйи босқичдан бошланиши эса иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришда муҳим аҳамият касб этади.
Вилоят ҳокими спортчиларни олдиларига катта мақсад ва марралар қўйишга, ғалаба учун астойдил меҳнат қилишга чорлади.
Маррани баланд олинглар, фақат ғалаба учун ҳаракат қилинглар! Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишни мақсад қилиб, бугунданоқ астойдил меҳнат қилиш керак, — деди Хайрулло Бозоров.
Бешариқ туманидаги 2-сон спорт мактаби директори Рустам Мажидов спортчилар, мураббийлар ва ота-оналар номидан ёшларга яратилаётган имкониятлар учун давлатимиз раҳбарига миннатдорчилик билдирди.
Учрашувда ёш спортчилар ҳам сўзга чиқиб, билдирилган ишончни оқлашга, мусобақаларда муносиб натижалар кўрсатиб, Ўзбекистон байроғини баланд кўтариш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этишга ваъда бердилар.









