Тиббиёт йўналишидаги лойиҳалар муҳокама қилинди
2026-10-21 20:25:00 / Янгиликлар

Учрашувда Фарғона шаҳридаги Экошаҳар — “Янги Ўзбекистон” массивида замонавий тиббиёт марказини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
“Медма” халқаро тиббий компаниялар гуруҳи онкология, диализ, кардиология, репродуктив саломатлик ва бошқа йўналишларда ихтисослашган тиббий хизматларни кўрсатади.
Компаниянинг турли мамлакатлардаги клиникалари тармоғи аҳолига замонавий тиббий хизматлар тақдим этишга қаратилган.
Мулоқот давомида аввалги учрашувда эришилган келишувлар асосида лойиҳани амалий босқичга олиб чиқиш, унинг ташкилий масалаларини ҳал этиш юзасидан фикр алмашилди.
Фарғонанинг қулай географик жойлашуви нафақат Ўзбекистон ҳудудларидан, балки қўшни давлатлардан ҳам беморларни жалб этиш учун имконият яратиши таъкидланди.
Россиялик инвесторлар лойиҳани қисқа муддатларда бошлашга тайёр эканликларини билдирдилар. Вилоят ҳокими ташаббусни қўллаб-қувватлаб, уни амалга ошириш учун зарур кўмак кўрсатилишини қайд этди.
Лойиҳани амалга ошириш ва ҳамкорликни ривожлантиришга доир кейинги қадамлар келишиб олинди.


