Тил бор экан, миллат барҳаёт: Ўзбек тили байрами Фарғонада кенг нишонланмоқда
2026-10-21 12:10:00 / Янгиликлар

21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Фарғона шаҳрида ўтган тантанада ҳам айни жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбек адабий тилининг асосчиси, буюк шоир, мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий ҳайкали олдида ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокимлиги, бошқарма ва ташкилотлар, таълим муассасалари вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Шерзод Полвонов сўз олиб, йиғилганларни Ўзбек тили байрами билан қутлади.
Она тилимизга давлат тили мақоми берилгани миллий ўзлигимизни англаш, маънавий меросимизни асраш ва миллий қадриятларимизни мустаҳкамлаш йўлидаги тарихий қадам бўлгани қайд этилди.
Президентимиз ташаббуси ва раҳбарлигида ўзбек тилини давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини юксалтириш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтилди.
Ўзбек тилининг давлат бошқаруви, таълим, илм-фан, оммавий ахборот воситалари ва рақамли технологиялар соҳаларидаги имкониятларини кенгайтириш жараёнлари тўғрисида сўз юритилди.
Шунингдек, адабиётшунос олимлар ва соҳа вакиллари ҳам тил маданиятини юксалтириш, ёшларда она тилига ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш, китобхонликни рағбатлантириш муҳим вазифа ва масъулият эканини таъкидладилар.
Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби ўқувчиларининг чиқишлари, театрлаштирилган саҳна кўринишлари ва мумтоз қўшиқлар тадбирга алоҳида файз бағишлади.
Тантана якунида Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилиб, буюк мутафаккир хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.
Жойларда Ўзбек тили байрамига бағишланган маърифий-маданий тадбирлар давом этмоқда.









