Марғилондаги “Зуҳро” маҳалласи энг обод ва кўркам масканга айланди
2026-10-20 13:10:00 / Янгиликлар

Янги қиёфа касб этган маҳаллада ташкил этилган тантанали тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, республика ишчи гуруҳи аъзолари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари, шаҳар ва туман ҳокимларининг ўринбосарлари, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг ҳудудий бўлимлари раҳбарлари, нуронийлар, ёшлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда маҳалла аҳли иштирок этди.
Дастлаб маҳаллада амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишилди. Марғилон шаҳри маҳаллаларида фаолият юритаётган ҳунарманд ва тадбиркорлар маҳсулотлари кўргазмаси кўздан кечирилди.
Маҳалла ҳудудидаги вилоят футбол мактабига қарашли «Меҳнат» ўйингоҳи ҳам тўлиқ таъмирланиб, ёш футболчилар учун зарур шароитлар яратилди. Вилоят ҳокими аввал қаровсиз ҳолда бўлган ўйингоҳда қисқа фурсатда бажарилган ишларни эътироф этиб, бу ерда келгусида номдор клубларда тўп сурадиган иқтидорли футболчилар етишиб чиқишига ишонч билдирди.
Ёш футболчиларга совғалар топширилиб, «Меҳнат» ва «Атласчи» жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашувига старт берилди.
Маҳаллада бўлиб ўтган тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Президентимиз ташаббуси билан «Инсон қадри учун» тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади аҳолига муносиб турмуш шароитларини яратиш, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашини таъминлаш эканини таъкидлади.
Ободлик маҳалладан бошланиши, ислоҳотлар самарасини ҳар бир инсон ўз кундалик ҳаётида ҳис этиши муҳимлиги қайд этилди. Давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида оғир тоифадаги маҳаллаларни намунавий ҳудудларга айлантириш борасида олиб борилаётган ишлар, хусусан, «Зуҳро»даги янгиланишлар бунинг амалий ифодаси экани таъкидланди.
Маҳалладаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига маҳаллий бюджет ҳамда ҳомийлар ҳисобидан жами 12 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Мутасаддилар, ҳомийлар ва маҳалла аҳлининг ҳамжиҳатлиги натижасида ҳудуд қиёфаси тубдан ўзгарди.
Амалга оширилган ишлар доирасида кўчалар асфальтланди, тунги ёритиш тизими ўрнатилди. Пиёдалар ва велосипедчилар учун йўлаклар, соғломлаштириш хиёбонлари барпо этилди.
Яшил майдонларни суғориш учун қудуқ қазилиб, 6,5 километр суғориш тармоғи тортилди, 1,6 километр ариқ бетонланди. Ҳудудга 1100 дан ортиқ манзарали дарахт ва гул кўчатлари экилди.
Кўп қаватли уйларнинг ташқи қисми таъмирланиб, туташ ҳудудлари ободонлаштирилди. Учта болалар ўйин ва спорт майдончаси, чиқинди тўплаш шохобчаси барпо этилди. Янги Нуронийлар маскани, китобхонлик кафеси ва кутубхона аҳоли ихтиёрига топширилди. Маҳалла фуқаролар йиғини биноси таъмирланиб, «маҳалла еттилиги»нинг самарали фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратилди.
Ҳунармандчилик ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали юз нафардан ортиқ аҳолининг бандлиги таъминланди. Марказий кўчаларда савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ишга туширилди.
Аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилаш мақсадида реновация дастури доирасида эскирган олтита уй ўрнида 96 хонадондан иборат тўққиз қаватли турар жой қурилиши бошланди.
Тадбирда бу ерда амалга оширилган эзгу ишларга ҳисса қўшганларга миннатдорчилик билдирилди. «Зуҳро» маҳалласидаги тажрибани вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида оммалаштириш, маҳаллаларни ободонлаштириш ишларини изчил давом эттириш вазифаси белгиланди.
Нуронийлар маҳаллада амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, аҳолига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирдилар.
Санъаткорларнинг куй-қўшиқлари тадбирга завқу шавқ улашди.









