Ёзёвон янги қиёфага кирмоқда
2026-10-16 18:00:00 / Янгиликлар

Вилоят раҳбари зиёратгоҳнинг кўркам қиёфа касб этгани, зиёратчилар учун яратилган шароитларни эътироф этди.
— Ёзёвон ҳақиқатан ҳам янги қиёфа касб этмоқда, ҳар томонлама ривожланиб бормоқда. Зиёратгоҳ ҳам жуда кўркам ва шинам масканга айланибди. Амалга оширилган ишлар таҳсинга сазовор. Бунга ҳисса қўшган барчага раҳмат, — деди вилоят ҳокими.
Зиёратгоҳни обод қилиш учун 3,4 миллиард сўм йўналтирилиб, инфратузилмани яхшилаш, зиёратчиларга қулай шароитлар яратиш ва ҳудудни кўкаламзорлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар бажарилди. Хусусан, кўчма савдо дўконлари ташкил этилиб, минг тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Вилоят ҳокими зиёратгоҳ ҳудудида ташкил этилаётган Ёзёвон ўлкашунослик музейи учун жамланаётган ноёб экспонатлар билан ҳам танишди. Туман тарихи, халқимизнинг турмуш тарзи ва бой маданий меросини акс эттирувчи ушбу ашёлар ёш авлодни ўтмиш билан яқиндан таништиришга хизмат қилади.
Қуръон тиловат қилиниб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва мамлакатимиз равнақини тилаб дуолар қилинди.






