Электр ва газ таъминотини яхшилаш ишлари “туманбай” ва “маҳаллабай” ташкил этилмоқда
2026-10-16 17:00:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилган тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этди.
“Фарғона ҳудудий электр тармоқлари” АЖ директори Азизбек Сайдалиев ва “Hududgaz Farg‘ona” газ таъминоти филиали директори Шавкатжон Абдумажидов вилоятимизда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳамда “Янгийўл тажрибаси” асосида Фарғона туманида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот бердилар.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг 27 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёқилғи-энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва соҳадаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган топшириқлар ижроси доирасида электр ва газ таъминоти билан боғлиқ ишлар “туманбай” ҳамда “маҳаллабай” ташкил этилмоқда.
“Янгийўл тажрибаси”ни жорий этиш учун вилоятда Фарғона тумани танлаб олиниб, истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, энергия самарадорлигини ошириш, тармоқлардаги йўқотишлар ва дебиторлик қарздорлигини камайтириш бўйича манзилли чора-тадбирлар белгиланган.
Хусусан, тумандаги 71 та маҳалланинг энергетик паспорти ҳамда энергия ресурсларига талаб баланси шакллантирилди. Бу трансформаторлар, газ тақсимлаш қурилмалари ва тармоқларни янгилашга эҳтиёж мавжуд ҳудудларни, энергия йўқотишлари юқори бўлган нуқталарни ҳамда биринчи навбатда ҳал этилиши лозим бўлган муаммоларни аниқлашга хизмат қилмоқда.
Пресс-тур доирасида “Hududgaz Farg‘ona” газ таъминоти филиалининг Фарғона туман бўлимида амалга оширилган ишлар тақдимоти ўтказилди.
Иштирокчилар тумандаги “Меҳнатобод” ва “Беруний” маҳаллаларида бўлиб, табиий газ ҳамда электр энергияси таъминоти барқарорлигини ошириш юзасидан олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар. Журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга соҳа масъуллари батафсил жавоб бердилар.









