"Hansae Mobility” ва Фарғона: ишончли ҳамкорликнинг амалий самараси
2026-10-13 21:10:00 / Янгиликлар

Вилоят раҳбарига "Hansae Mobility Turan" корхонаси ижрочи директори Жонг Дай Вон автомобиль эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонада амалга оширилаётган ишлар, яратилган иш ўринлари ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турлари, уларнинг сифати ҳақида маълумот берди.
Шундан сўнг вилоят ҳокими Жанубий Кореянинг “Hansae Mobility” компанияси раисининг ўринбосари Ким Ик Хван бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Самимий мулоқотда вилоят ҳокими бугун янги корхона ишга туширилгани билан компания вакилларини табриклаб, лойиҳанинг тўлиқ маҳаллийлаштириш дастурига мувофиқ амалга оширилаётганига эътибор қаратди.
Корхона фаолиятини кенгайтириш, маҳсулот турларини кўпайтириш ва келгусида йирик ишлаб чиқариш мажмуасига айлантириш имкониятларини юқори баҳолади.
Шунингдек, мазкур лойиҳа Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Ким Ик Хван корхонанинг қисқа муддатда ишга туширилганини алоҳида таъкидлаб, лойиҳани амалга оширишда кўрсатилган амалий кўмак учун вилоят раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Мулоқот давомида корхонада маҳаллийлаштириш жараёнларини изчил давом эттириш, Марказий Осиё ва Европа бозорларига маҳсулот етказиб бериш мақсадлари ҳақида тўхталиб ўтилди.
Учрашувда тўқимачилик соҳасида ҳам янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва кореялик инвесторларни Фарғона вилоятига кенг жалб этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Ҳамкорлик доирасидаги келгусидаги ишлар, чора-тадбирлар келишиб олинди.









