“Hansae Mobility”: Фарғонада янги корхона иш бошлади
2026-10-13 15:45:00 / Янгиликлар

Тантанали маросимда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Мирзоҳид Убайдуллаев, “Hansae Mobility” компанияси раисининг ўринбосари Ким Ик Хван, “Hansae Mobility Turan” корхонаси ижрочи директори Жонг Дай Вон, “Ўзавтосаноат” АЖ раисининг ўринбосари Даврон Ҳидоятов ҳамда икки давлатнинг соҳа вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мазкур лойиҳанинг аҳамияти, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, шунингдек, янги корхонанинг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш борасидаги режаларига тўхталиб ўтдилар.
Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар, инвестицияларни қўллаб-қувватлаш ва саноатни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар алоҳида таъкидланди. Шунингдек, лойиҳани амалга оширишда кўрсатилган амалий кўмак ва ҳамкорлик учун вилоят ҳокимига миннатдорлик билдирилди.
Қиймати 30 миллион долларни ташкил этувчи мазкур инвестиция лойиҳаси Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг муҳим амалий натижаларидан бири ҳисобланади.
Айни пайтда корхонада 100 дан зиёд иш ўрни яратилган. Йил якунига қадар бу кўрсаткични 140 тага, келгусида эса 250 тага етказиш режалаштирилган.
Корхонада буюртмалар асосида маҳсулот етказиб бериш бошланган бўлиб, айни вақтда янги шартномалар бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Келгусида корхона атрофида қўшимча ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш, шунингдек, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Тадбир давомида компаниянинг ташкил топиши, ривожланиш босқичлари, бугунги фаолияти ва истиқболдаги режалари ҳақида видеоролик намойиш этилди.
Шундан сўнг рамзий лента қирқилиб, меҳмонлар корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишдилар.









