Фарғонанинг инвестициявий имкониятлари Саудия ишбилармонлари эътиборида
2026-10-12 16:50:00 / Янгиликлар

Саудия Арабистонига амалий ташрифи доирасида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Ар-Риёд шаҳрида жойлашган “Najd Gateway Holding” (Najd Gate) хусусий инвестиция гуруҳи раиси, шаҳзода Мансур бин Муҳаммад бин Саъд Ол Сауд билан учрашди.
“Najd Gateway Holding” қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик, замонавий технологиялар, банк-молия, қурилиш, энергетика ҳамда кўчмас мулк соҳаларида фаолият юритувчи йирик инвестиция гуруҳларидан биридир. Гуруҳ Саудия Арабистони билан бир қаторда хорижий мамлакатларда ҳам турли лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
Унинг таркибидаги “Najd Gateway Agricultural Company” қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик йўналишларидаги инвестиция ташаббусларини ривожлантиришга ихтисослашган.
Самимий руҳда ўтган мулоқотда вилоят раҳбари Фарғонанинг бой иқтисодий салоҳияти, қишлоқ хўжалиги ва саноат тармоқларидаги имкониятлари, инвесторларга тақдим этилаётган имтиёз ва қулайликлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Айниқса, қишлоқ хўжалигида замонавий технологияларни жорий этиш, чорвачиликни ривожлантириш, истиқболли инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш ҳамда ўзаро манфаатли кооперация алоқаларини йўлга қўйиш масалалари музокараларнинг асосий мавзуси бўлди.
Учрашувда Фарғона вилоятининг мавжуд имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда, Саудия инвестицияларини жалб этиш ва узоқ муддатли шериклик муносабатларини ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.






