Фарғонада Саудия компанияси билан ҳамкорликда 800 ўринли замонавий шифохона қурилиши бўйича муҳим босқич бошланмоқда
2026-10-12 11:50:00 / Янгиликлар

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Саудия Арабистонига амалий ташрифи доирасида “Vision Invest” инвестиция холдингининг операцион фаолият бўйича бош директори Жума Солиҳ Ал-Араймий билан учрашди.
Мулоқотда Фарғона вилоятида давлат-хусусий шериклик асосида барпо этиладиган 800 ўринли замонавий кўп тармоқли шифохона лойиҳасининг бугунги ҳолати, қурилиш ишларига тайёргарлик жараёнлари ва келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди.
Мазкур лойиҳа Фарғона тиббиёти учун стратегик аҳамиятга эга. Янги шифохона ҳудуддаги мавжуд бешта ихтисослаштирилган тиббиёт маркази филиалларини ягона мажмуага бирлаштириб, юқори технологик тиббий хизматлар кўрсатиш имкониятини яратади. Лойиҳанинг умумий инвестициявий қиймати қарийб 300 миллион АҚШ долларини ташкил қилади.
Келгусида ушбу муассаса нафақат Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари аҳолиси, балки қўшни республикалар фуқароларига ҳам мураккаб йўналишларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатувчи йирик минтақавий марказга айланиши кўзда тутилган.
Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати — шифохона негизида тиббий таълим, илм-фан ва амалиётни ўзаро уйғунлаштирувчи “Fergana Plus” замонавий тиббий таълим кластерини ташкил этиш режалаштирилган. Бу Фарғонада малакали тиббиёт кадрларини тайёрлаш, илмий изланишларни ривожлантириш ва илғор даволаш усулларини амалиётга татбиқ этиш учун янги имкониятлар очади.
Учрашувда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб, ҳудудлараро инвестициявий алоқалар амалий лойиҳалар билан мустаҳкамланаётгани таъкидланди.
Вилоят ҳокими “Vision Invest” компаниясининг Фарғонага инвестиция киритиб, аҳоли саломатлиги учун муҳим бўлган йирик лойиҳани амалга ошираётганини юқори баҳолади. Шунингдек, компания билан ҳамкорликда бошқа лойиҳалар бўйича ҳам ишлар бошланаётгани ўзаро шерикликнинг яна бир муҳим қадами экани қайд этилди.
Айниқса, жорий йилнинг декабрь ойида 800 ўринли шифохонанинг тамал тошини қўйиш маросими режалаштирилгани мамнуният билан тилга олинди.
Музокаралар якунида лойиҳани белгиланган режа асосида амалга ошириш, ташкилий ва амалий масалаларни ҳамкорликда ҳал этиш ҳамда инвестициявий лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.
Маълумот ўрнида: “Vision Invest” компанияси 2002 йилда “Al Muhaidib Group” ва “Abunayyan Holding” қўшма корхонаси сифатида ташкил этилган.
Компания энергетика, сув таъминоти, коммунал хизматлар, қурилиш, инфратузилма ва транспорт соҳаларида инвестиция лойиҳаларини амалга оширади.
“Vision Invest” бир нечта давлатлардаги йирик компаниялар портфелини ўз ичига олади. Жумладан, Саудия Арабистонидаги “ACWA Power”, “Saudi Tabreed” ва “Miahona” каби йирик корпорацияларнинг бошқарувида иштирок этади.






