“Abunayyan Holding” истиқболли инвестиция лойиҳаларига қизиқиш билдирмоқда
2026-10-12 06:30:00 / Янгиликлар

“Abunayyan Holding” сув хўжалиги, энергетика, нефть ва газ соҳаларида ишлаб чиқариш, лойиҳалаш, қурилиш ҳамда комплекс хизматлар кўрсатишга ихтисослашган йирик оилавий холдинг ҳисобланади.
1950 йилда фермерларни дизель сув насослари билан таъминлашдан фаолиятини бошлаган компания бугунги кунда халқаро миқёсда фаолият юритувчи йирик бизнес тузилмасига айланган. Бош қароргоҳи Ар-Риёд шаҳрида жойлашган холдингда 4500 нафардан ортиқ ходим меҳнат қилади, унинг таркибида 12 дан зиёд стратегик бизнес йўналиши мавжуд.
Учрашувда вилоят ҳокими Фарғонада амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари, мавжуд инфратузилма ва хорижий сармоядорлар учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берди.
Хусусан, қурилиш ва туризм соҳаларида янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида каналларни бетонлаштириш, мавжуд насос агрегатларини замонавий, энергия тежамкор ускуналарга алмаштириш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди.
Компания раҳбарияти Фарғона вилоятида энергия самарадорлигини оширишга қаратилган замонавий технологик ечимларни жорий этиш, сув насослари тизимини модернизация қилиш ҳамда туризм инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларига катта қизиқиш билдирди.
Мулоқот якунида билдирилган таклифларни батафсил ўрганиш, истиқболли лойиҳаларни шакллантириш ва амалий ҳамкорликни давом эттириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.


