Янги ташаббуслар — ўзаро манфаатли ҳамкорлик сари
2026-10-10 17:45:00 / Янгиликлар

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Саудия Арабистонига амалий ташрифи доирасида Ар-Риёд шаҳрида “Tamimi Energy Group” компаниясининг тижорат масалалари бўйича бош директори Яҳё Балҳорис билан учрашди.
“Tamimi Holding” таркибига кирувчи “Tamimi Energy Group” энергетика, нефть-газ, нефть-кимё, электр энергетикаси, сув таъминоти ва саноат инфратузилмаси соҳаларида катта тажрибага эга компаниялар гуруҳи ҳисобланади. 50 йилдан ортиқ фаолият давомида компания Саудия Арабистони ва хорижий мамлакатларда энергетика ҳамда саноат объектлари учун замонавий муҳандислик ечимларини таклиф этиб келмоқда.
Самимий руҳда ўтган мулоқотда ҳамкорликни фақат энергетика соҳаси билан чеклаб қолмасдан, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати йўналишларида ҳам ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, Фарғона вилоятида етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, замонавий сақлаш ва қадоқлаш қувватларини ташкил этиш, чорвачилик тармоғида янги лойиҳаларни йўлга қўйиш ҳамда энергетика инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги имкониятлар муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокими Фарғонанинг бой аграр салоҳияти, саноат инфратузилмаси, қулай инвестиция муҳити ва хорижий ҳамкорлар билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун мавжуд имкониятлар ҳақида маълумот берди.
Мулоқот давомида Саудия Арабистони компаниясининг халқаро тажрибаси ва технологик имкониятларини Фарғона вилоятининг иқтисодий салоҳияти билан уйғунлаштириш, ўзаро манфаатли инвестициявий ташаббусларни ишлаб чиқиш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда муҳокама қилинган йўналишлар келгусида икки томонлама ҳамкорликни амалий лойиҳалар билан бойитиш учун асос бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.



