Қадоқлаш саноатида илғор технологиялар қўлланилади
2026-10-10 17:35:00 / Янгиликлар

Ар-Риёд шаҳрида “Al Sharq Flexible Packaging Factories” компаниясининг савдо ва маркетинг бўйича бош менежери Муҳаммад Ҳусайн Ирфон билан мулоқотда ҳам самарали келишувга эришилди.
Унда қадоқлаш саноатида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, илғор технологиялар ва тажриба алмашиш, шунингдек, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари борасида фикр алмашилди.
1976 йилда ташкил этилган “Al Sharq Flexible Packaging Factories” Саудия Арабистонида қадоқлаш саноати соҳасида фаолият юритаётган компаниялардан бири ҳисобланади. Корхона пластик плёнкалар, замонавий эгилувчан қадоқлаш материаллари ҳамда турли саноат маҳсулотлари учун ўрамлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Ишлаб чиқариш жараёнларида Европанинг илғор технологияларидан фойдаланилиб, маҳсулотлар халқаро сифат стандартлари асосида тайёрланади ва ички ҳамда ташқи бозорларга етказиб берилади.
Учрашувда вилоят ҳокими бугунги кунда қадоқлаш саноати ишлаб чиқариш ва савдо жараёнларининг муҳим бўғинига айланганини таъкидлади. Айниқса, маҳсулот сифатини сақлаш, унинг рақобатбардошлигини ошириш ва ташқи бозорларга чиқишида замонавий, сифатли ва харидоргир қадоқлаш материалларининг ўрни катта эканини қайд этди.
Шунингдек, Фарғона вилоятининг саноат ва инвестициявий салоҳияти, тадбиркорлик учун яратилган қулай шароитлар ҳақида маълумот берилди.
Мулоқот давомида Бувайда туманида фаолият юритаётган “Lion Print” корхонаси билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш таклиф этилди.
Вилоят ҳокими саудиялик ҳамкорларни Фарғонага таклиф этиб, маҳаллий корхоналар фаолияти ва мавжуд имкониятлар билан яқиндан танишиш, ўзаро ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини белгилаб олиш муҳимлигини билдирди.
Учрашув якунида томонлар истиқболли ҳамкорлик йўналишлари юзасидан мулоқотларни давом эттиришга қизиқиш билдирдилар.


