Тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси йўлида
2026-10-09 18:55:00 / Янгиликлар

Учрашувда вилоят суди раиси Б.Ваҳобов, тегишли бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Мулоқотда тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари ўртасида юзага келиши мумкин бўлган низоларнинг олдини олиш, уларни судгача ҳал этиш механизмларини такомиллаштириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, маъмурий ва иқтисодий низоларни самарали ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари ўртасида низолар келиб чиқишининг олдини олиш, уларни судгача ҳал этиш самарадорлигини ошириш ҳамда давлат идоралари масъул ходимларининг ҳуқуқий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган махсус ўқув курслари ташкил этилмоқда. Мазкур ташаббус доирасида Фарғона вилоятида ҳам илк бор махсус ўқув машғулотлари ўтказилиб, улар вилоят солиқ бошқармаси ҳамда вилоят суди биноларида ташкил этилди.
Очиқ мулоқотда тадбиркорлик фаолиятида учраётган ҳуқуқий ва амалий муаммолар, шартномавий муносабатлардаги низоли ҳолатлар, солиқ мажбуриятларини бажариш, кадастр масалалари, давлат органлари қарорлари ва ҳаракатлари билан боғлиқ маъмурий низоларни ҳал этиш юзасидан фикр алмашилди.
Вилоят ҳокими билан мулоқотда тадбиркорлар мурожаатларида солиқ ва кадастр тизими билан боғлиқ масалалар салмоқли ўрин тутаётгани қайд этилди. Ушбу муаммоларни келтириб чиқараётган омилларни чуқур ўрганиш, уларнинг олдини олиш бўйича тизимли чора-тадбирларни белгилаш, давлат органлари ва суд идоралари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан таклифлар билдирилди.
Шунингдек, ҳудудларда тадбиркорлар билан ҳар чоршанба куни судьялар иштирокида учрашувлар ва ҳуқуқий тушунтириш ишларини ташкил этиш амалиёти йўлга қўйилаётгани маълум қилинди. Бундай учрашувлар орқали тадбиркорларнинг муаммоларини бевосита жойида ўрганиш, қонунчилик нормаларини тўғри қўллашга кўмаклашиш, низоларнинг судгача ҳал этилишига эришиш ҳамда ортиқча сарсонгарчиликларнинг олдини олиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари вакилларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида махсус ўқувлар, видеодарслар ва тушунтириш материалларини тайёрлаш ҳамда амалиётга татбиқ этиш масалаларига тўхталиб ўтилди.
Вилоят ҳокими тадбиркорлар янги иш ўринлари яратиши, инвестициялар жалб этиши, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтириши билан ҳудуд иқтисодиётининг асосий таянчларидан бири эканлигини қайд этди.
Ушбу йўналишда Олий суд, ҳудудий судлар ва тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликни янада кучайтиришга, тадбиркорлар муаммоларини тизимли ҳал этишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Учрашув давомида белгиланган вазифалар ижросини ҳамкорликда таъминлаш, ҳуқуқий низолар профилактикасини кучайтириш ва тадбиркорлик субъектлари учун қонун устуворлигига асосланган барқарор ишбилармонлик муҳитини шакллантириш юзасидан фикр алмашилди.




