Қўқонда Фарғона водийси аҳолиси ва ёшлари учун Ўзбекистон – Япония маркази очилди
2026-10-08 17:10:00 / Янгиликлар

Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ижрочи катта вице-президенти Миязаки Кацура, Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Хирата Кенджи, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тантанали маросимда сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров мазкур марказнинг очилиши Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Қайд этилганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари ва Япония ҳукуматининг қўллаб-қувватлаши натижасида икки мамлакат ўртасида иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш, инфратузилма ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Бу жараёнда JICA агентлиги муҳим ўрин тутмоқда.
Янги очилган марказ Қўқон шаҳри ва Фарғона водийси аҳолисига япон тили курслари, бизнес тренинглари, таълим дастурлари ва икки давлат ҳамкорлигига қаратилган лойиҳаларда иштирок этиш имконини беради.Марказда ҳар йили 200 нафардан ортиқ ёшлар таҳсил олиш мумкин. Айниқса, ёшларнинг япон тилини пухта эгаллаши, келгусида кунчиқар мамлакатда таълим олиши ва меҳнат фаолиятини йўлга қўйиши учун янги имкониятлар очилмоқда. Бу ерда тадбиркорлар Япониянинг илғор бизнес тажрибасини ўрганиш, япон ишбилармон доиралари билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш имкониятига эга бўладилар
Вилоят ҳокими марказ фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унинг дастурларини ҳудуддаги таълим муассасалари ва тадбиркорлик субъектлари билан узвий боғлашга тайёр эканини билдирди.
Тантанали маросимда Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Муxтор элчиси Хирата Кенджи, Ўзбекистон ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ижрочи катта вице-президенти Миязаки Кацура икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, таълим ва тадбиркорлик соҳаларида янги ташаббусларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади. Янги марказ Фарғона водийсида икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни фаоллаштиришда муҳим таянч бўлишини билдирди.
Рамзий лента қирқилиб, иштирокчилар марказда яратилган шароитлар билан танишдилар.









