Фарғона ахборот технологиялари соҳасида йирик хабга айланмоқда
2026-10-06 19:00:00 / Янгиликлар

Меҳмонга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ва Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамроҳлик қилди.
Давлатимиз раҳбари топшириқлари асосида барпо этилган, қиймати 150 миллиард сўмдан ортиқ бўлган мажмуада бир вақтнинг ўзида 200 нафаргача фойдаланувчи фаолият олиб бориши мумкин. Бу ерда йилига 3 мингдан ортиқ ёшларни ўқитиш, уларни амалий лойиҳаларга жалб этиш ҳамда IT хизматлари кўрсатиш учун замонавий шароитлар яратилган.
Марказда фрилансер ва дастурчилар учун коворкинг майдонлари, резидент компаниялар учун тўлиқ жиҳозланган офислар ташкил этилган. Таълим, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш жараёнларининг ўзаро уйғунлашгани ёшларни замонавий касбларга ўргатиш, бандлигини таъминлаш ва барқарор даромад манбаларини яратишга хизмат қилмоқда.
Ташриф давомида Фарғона вилоятида ахборот технологиялари ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, IT компанияларнинг фаолияти ва истиқболли лойиҳалари тақдим этилди.
Хусусан, “UZINFOCOM” Ягона интегратори томонидан давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларига рақамли технологияларни жорий этиш, замонавий ахборот тизимлари ва электрон хизматларни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Apple компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган “iOS Development Center”да ёшларни мобил иловалар ва замонавий дастурий маҳсулотлар яратишга ўқитиш, уларга халқаро стандартларга мос билим ва кўникмалар бериш жараёни билан танишилди.
Шунингдек, “Megagroup” компаниясининг дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни ташқи бозорларга, жумладан, Россия Федерациясига экспорт қилиш борасидаги фаолияти тақдимот қилинди.
IT Park Universityнинг амалий IT таълимига асосланган ўқув дастурлари, меҳнат бозори талабларига мос юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга қаратилган таълим йўналишлари ҳақида ҳам маълумот берилди.
Ташриф давомида “MUHANDISONA” МЧЖ жамоаси фаолияти ҳам намойиш этилди. Жаҳонгирмирзо Иброҳимов бошчилигидаги жамоа 3D моделлаштириш ва 3D принтерлар ёрдамида экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Жамоанинг “Engineericly” YouTube видеоблоги 770 мингдан ортиқ обуначига эга.
Фарғона вилоятида IT соҳасини ривожлантириш, рақамли хизматлар ва дастурий маҳсулотлар экспортини кенгайтириш, ёшларни замонавий касбларга йўналтириш ҳамда Россия компаниялари билан IT соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш борасидаги имкониятларга алоҳида эътибор қаратилди.









