Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари ҳамкорлиги: келишувлардан аниқ лойиҳалар сари
2026-10-06 18:25:00 / Янгиликлар

Унда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Красноярск ўлкаси губернатори Михаил Котюков, шунингдек, Ўзбекистон ва Россиянинг қатор ҳудудлари раҳбарлари иштирок этдилар.
Мулоқотда ҳудудлараро ҳамкорликни янги амалий босқичга олиб чиқиш, эришилган келишувларни аниқ инвестиция ва кооперация лойиҳаларига айлантириш, шунингдек, Ҳудудлар кенгаши доирасидаги ҳамкорлик механизмлари самарадорлигини янада ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров икки мамлакат ҳудудларининг иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти яхши маълум экани, ўзаро ҳамкорлик бўйича кўплаб келишувлар имзолангани ҳамда бу борада салмоқли тажриба тўпланганини қайд этди.
Шу боис, эндиликда асосий эътибор ҳудудлар имкониятларини тақдим этишдан кўра, мавжуд салоҳиятни аниқ амалий натижаларга йўналтиришга қаратилиши лозимлиги таъкидланди.
Хусусан, Ҳудудлар кенгашини доимий ва самарали ҳамкорлик механизми сифатида ривожлантириш, ҳудудлар раҳбарлари даражасида эришилган келишувлардан аниқ лойиҳаларни ишга туширишгача бўлган жараённи қисқартириш, шунингдек, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорликда мавжуд, аммо ҳали тўлиқ ишга солинмаган имкониятлардан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Россия ҳудудлари раҳбарлари ҳам тўғридан-тўғри алоқаларни янада кенгайтириш, ишбилармон доиралар вакилларини янги қўшма ташаббусларга фаол жалб этиш, саноат кооперациясини кучайтириш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлигини қайд этдилар.
Учрашувда бугун Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун зарур имконият ва механизмлар мавжудлиги таъкидланди. Навбатдаги муҳим вазифа эса эришилган келишувларнинг тизимли ижросини таъминлаш, истиқболли ташаббусларни аниқ лойиҳаларга айлантириш ва уларни амалга ошириш жараёнини жадаллаштиришдан иборат экани қайд этилди.
Амалий ва конструктив руҳда ўтган учрашув Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янги лойиҳа ва ташаббуслар билан бойитишга хизмат қилиши таъкидланди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган меморандумни имзоладилар.









