Янги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди
2026-10-06 16:35:00 / Янгиликлар

Учрашувда икки томонлама манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш учун катта имкониятлар мавжудлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзаро ишонч ва дўстлик муҳитида ўтган мулоқотда икки ҳудуд ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Хусусан, Фарғона маҳсулотларини Россия бозорига олиб чиқиш, Приморье ўлкасида Фарғона маҳсулотлари учун савдо уйи ва савдо-тақсимот марказини ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди.
Мазкур марказ орқали Фарғонадан етказиб бериладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қуритилган ва ҳўл меваларни нафақат Россия Федерацияси ҳудудларига, балки Ветнам ва Хитой бозорларига ҳам йўналтириш имконияти яратилиши қайд этилди.
Шунингдек, Фарғона ва Приморье ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновни йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди. Логистика, туризм ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни аниқ лойиҳалар билан бойитиш, ўзаро манфаатли ташаббусларни амалий босқичга олиб чиқиш бўйича чора-тадбирлар келишиб олинди.



