Марғилонда тайёрланган экспортбоп кийимлар Россия бозорларига ҳам етказиб берилмоқда
2026-10-05 17:10:00 / Янгиликлар

Меҳмонларга Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамроҳлик қилмоқда.
2008 йилда ташкил этилган корхона хотин-қизлар кийим-кечакларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, бугунги кунда 250 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган.
Корхонада ишлаб чиқариш жараёнлари замонавий талаблар асосида мунтазам такомиллаштириб борилмоқда. Европа технологиялари асосида илғор бичиш, безак бериш ва тикув усуллари қўлланилмоқда.
Айни пайтда бу ерда кўйлак, костюм, камзул, пальто, куртка каби 50 дан ортиқ турдаги маҳсулотнинг 7 мингга яқин модели ишлаб чиқарилмоқда. Замонавий дизайн ва фасонлар асосида тайёрланаётган маҳсулотлар ички бозор билан бир қаторда Россия, Қозоғистон ва Тожикистонга экспорт қилинмоқда.
Ташриф давомида Россия ҳудудлари вакиллари корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнлари, қўлланилаётган технологиялар ҳамда тайёр маҳсулотлар намуналари билан яқиндан танишдилар.
Мулоқотларда маҳсулотлар экспортини янада кенгайтириш, янги бозорларга чиқиш, шунингдек, Фарғона вилояти ва Россия ҳудудлари ўртасида енгил саноат соҳасида кооперация алоқаларини ривожлантириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.






