Фарғона қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига Россия бозорида талаб юқори
2026-10-05 14:35:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳудудлари Кенгашининг III йиғилиши доирасида Фарғона вилоятига ташриф буюрган Россия ҳудудлари делегациялари мазкур агрокомплекс фаолияти билан танишдилар.
Умумий майдони 3,5 гектар бўлган мажмуада 12 турдаги маҳсулот бўйича йилига 5 минг тоннагача маҳсулотни етиштириш ва тайёрлаш имконияти мавжуд.
Мажмуада in vitro лабораторияси ва кўчатхона фаолият юритиб, йилига 1 миллиондан ортиқ кўчат етиштириш имконияти яратилган. Бунда хориж тажрибасидан фойдаланилмоқда. Шунингдек, фермерлар ва аҳоли учун замонавий боғдорчилик технологияларини ўргатувчи Агросаноат мактаби ташкил этилган.
Бу ерда 3 500 тонна маҳсулотни сақлашга мўлжалланган совитиш комплекси, замонавий саралаш-қадоқлаш ҳамда IQF шокли музлатиш линиялари мавжуд. Италия ва Испания технологиялари асосида жиҳозланган ишлаб чиқариш қувватлари мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт талаблари асосида тайёрлаш имконини беради.
«Quva Agro Star» маҳсулотлари Япония ва Англия бозорларига етказиб берилмоқда. 2025 йилда илк бор авиачартер орқали Япония ва Жанубий Корея бозорларига ҳам маҳсулотлар экспорт қилинган. Корхонада 80 нафардан ортиқ ходим меҳнат қилади.
Мажмуанинг етиштиришдан тортиб, маҳсулотни ташқи бозорга тайёрлашгача бўлган яхлит тизими Россия делегациялари эътиборини тортди.









