Россия ҳудудлари делегациялари «Кварц» АЖда
2026-10-05 12:15:00 / Янгиликлар

1975 йилда фойдаланишга топширилган мазкур корхона бугунги кунда Марказий Осиёда листли ва рангли шиша маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик саноат корхоналаридан бирига айланган.
Меҳмонларга корхонанинг ишлаб чиқариш қувватлари, технологик жараёнлари, маҳсулот турлари ҳамда экспорт салоҳияти ҳақида маълумот берилди.
Корхонада Европа ускуналари билан жиҳозланган, суткасига 200 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга флоат линияси фаолият кўрсатади. Унинг йиллик лойиҳа қуввати 10 миллион квадрат метрни ташкил этади. Мазкур линия орқали турли ранг ва ўлчамдаги листли шишалар ишлаб чиқарилади.
Суткасига 400 тонна қувватга эга яна бир флоат линиясида эса силлиқланган шишалар тайёрланади. Ушбу линиянинг йиллик лойиҳа қуввати 22 миллион квадрат метрга тенг.
Корхонада шаффоф, оч яшил, жигарранг, кулранг ва қора тусдаги шишалар ҳам ишлаб чиқарилади.
Шунингдек, «Кварц» АЖда турли шакл ва дизайндаги шиша идишлар — бутилка ва банкалар буюртма асосида тайёрланади. Корхона маҳсулотлари ички бозор эҳтиёжларини таъминлаш билан бир қаторда, хорижий мамлакатларга ҳам экспорт қилинади. Турли нуфузли кўргазмаларда муваффақиятли қатнашиб келмоқда.
Ташриф давомида меҳмонларга шиша идишларнинг мустаҳкамлиги ва чидамлилиги амалий тарзда намойиш этилди.
Корхона фаолияти делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди.









