Фарғона Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари ўртасидаги амалий ҳамкорликнинг йирик мулоқот майдонига айланади
2026-10-03 15:05:00 / Янгиликлар

Нуфузли халқаро форумнинг асосий тадбирлари «Фарғона Экспо» халқаро кўргазмалар мажмуаси ва IT parkда ташкил этилади.
Йиғилиш икки мамлакат ҳудудлари, ишбилармон доиралари ва тармоқ ташкилотлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни янада кенгайтириш, янги инвестиция ва кооперация лойиҳаларини шакллантириш учун муҳим мулоқот майдони бўлади.
Дастур доирасида Ўзбекистон–Россия ва Россия–Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашларининг 12-қўшма йиғилишини ўтказиш кўзда тутилган.
Шунингдек, саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, энергетика, агросаноат мажмуасида ҳамкорлик ҳамда маданий-гуманитар алоқалар каби бешта устувор йўналиш бўйича панель сессиялари ташкил этилади.
Икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-контактлар биржаси ўтказилиб, унда янги лойиҳалар ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ташаббуслари муҳокама қилинади. Ўзбекистон ва Россия ҳудудларининг иқтисодий, саноат ва инвестиция салоҳиятини намойиш этувчи кўргазма ҳам ташкил этилиши режалаштирилган.
Дастурнинг яна бир муҳим йўналиши — «Ўзбекистонда Сибирь кунлари» тадбирлари бўлиб, улар ҳудудлараро иқтисодий ва маданий алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилган.
Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг III йиғилиши саноат кооперацияси ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш, транспорт-логистика алоқаларини ривожлантириш, энергетика ва агросаноат соҳаларида янги қўшма ташаббусларни илгари суриш, шунингдек, ҳудудлар ўртасидаги тўғридан-тўғри ва узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
