Устозни эъзозлаш – бир касб эгасини эмас, бутун бир миллат келажагини эъзозлашдир
2026-09-30 19:25:00 / Янгиликлар

Унда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан келган ўқитувчи ва мураббийлар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, таълим соҳаси фахрийлари ҳамда ёш педагоглар қатнашди.
Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров сўз олиб устоз ва мураббийларни касб байрами билан самимий муборакбод этди.
— Халқимиз азалдан “Устоз отангдек улуғ”, деб устозни улуғлаб келган. Бу — халқимизнинг устозга бўлган минг йиллик ҳурмати ва маънавий қарашининг ифодасидир. Ота-она фарзандга ҳаёт бахш этади. Устоз эса унга ҳаётда ўз йўлини топишга ёрдам беради, — деди вилоят ҳокими.
Президентимиз томонидан таълим соҳасида катта ислоҳотлар амалга оширилаётгани, Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳал қилувчи босқичида таълим ва инсон капиталига эътибор тобора кучайиб бораётгани қайд этилди. Зеро, барча ислоҳотларнинг бошида инсон, инсон тараққиётининг бошида эса таълим туради.
- Мактаб — оддий бино эмас. Мактаб — мамлакат келажаги шаклланадиган маскан. Синфхона — оддий хона эмас. У ерда эртанги олим, муҳандис, шифокор, тадбиркор, ҳарбий, санъаткор ва давлат арбобининг дунёқараши шаклланмоқда. Ўқитувчи — давлатнинг келажагини тайёрлаётган инсон, - дея таъкидлади вилоят ҳокими.
Вилоят ҳокими Президентимзнинг Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида соҳа вакиллари билан учрашувида таълим тизимини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор янги ташаббус ва вазифалар белгиланганига эътибор қаратиб, уларнинг Фарғонада самарали ижросини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.
Бугун дунё таълими тубдан ўзгараётгани, айниқса, аниқ фанларга эътибор ортиб, сунъий интеллект, робототехника, рақамли иқтисодиёт, биотехнология, муҳандислик ва янги авлод касблари ёшлар олдига янги талабларни қўяётгани қайд этилди.
2027 йилда Фарғона таълим тизимида устувор эътибор қаратиладиган йўналишлар ҳам белгилаб берилди.
Хусусан, таълим сифатини ошириш, ўқитувчиларнинг малакаси ва нуфузини юксалтириш, илғор педагоглар тажрибасини оммалаштириш, ёш педагогларга устозлик тизимини кучайтириш, хорижий тиллар ва аниқ фанларни ўқитиш сифатини янги босқичга олиб чиқиш, рақамли саводхонлик ва сунъий интеллект бўйича билимларни кенгайтириш, ёшларни қобилият ва қизиқишларидан келиб чиқиб касбга йўналтириш ҳамда тарбия масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.
Ёшларни замонавий касбларни эгаллаган авлод сифатида тарбиялаш билан бир қаторда, уларнинг миллий қадриятлар ва ватанпарварлик руҳида камол топишига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги айтиб ўтилди.
Фахрий педагогларнинг бой тажрибасидан самарали фойдаланиш, илғор ўқитувчиларнинг иш услубларини оммалаштириш ва “Устоз-шогирд” анъанасини янада мустаҳкамлаш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.
Тантанали тадбирда таълим соҳаси фахрийлари, устоз ва мураббийларга эзгу тилаклар билдирилиб, бир гуруҳ фидойи соҳа вакилларига вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди.
Фарғона вилоятида гастроль сафарида бўлиб турган Ўзбек миллий академик драма театри санъаткорлари устоз ва мураббийларни байрам билан қутладилар. Санъат дарғаларининг чиқишлари, улар ижросидаги шеър ва қўшиқлар тадбир иштирокчиларига ўзига хос байрам туҳфаси бўлди.
Шунингдек, элимиз ардоғидаги санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури барчага кўтаринки кайфият бағишлади.









