Фарғоналик ўқитувчи ва мураббийларга давлат мукофотлари топширилди
2026-09-30 12:50:00 / Янгиликлар

Бугун вилоят ҳокимлигида давлат мукофотларини ўз эгаларига тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, тегишли бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, устоз ва мураббийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Вилоят ҳокими таълим-тарбия соҳаси вакилларини касб байрами билан самимий муборакбод этиб, устоз ва мураббийларнинг жамият тараққиёти, ёш авлод камолотидаги беқиёс ўрнига алоҳида тўхталди.
— Байрамларнинг энг улуғи — Ўқитувчи ва мураббийлар куни. Чунки ҳар бир касбнинг ўз устози бор. Ҳар қандай муваффақият замирида устознинг меҳнати, билими ва тарбияси мужассам, — деди Хайрулло Бозоров.
Мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида таълим тизимини тубдан такомиллаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, таълим сифатини юксалтириш, ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятдаги нуфузи ва мақомини ошириш, уларнинг машаққатли ва шарафли меҳнатини муносиб рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Янги Ўзбекистонни барпо этиш, инсон қадрини улуғлаш, мамлакат тараққиёти ва фаровонлигини таъминлашда илм-фан ва сифатли таълим ҳал қилувчи аҳамият касб этиши қайд этилди.
Айниқса, аҳолимизнинг салмоқли қисмини ёшлар ташкил этаётган бугунги шароитда уларга сифатли таълим ва замонавий билим бериш, касб-ҳунар эгаллаши учун муносиб шароит яратиш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш энг муҳим вазифалардан бири эканига урғу берилди.
Вилоят ҳокими ана шу жиҳатга эътибор қаратиб, мамлакатимизнинг энг катта бойлиги ва келажаги бўлган ёш авлод тақдири устоз ва мураббийларга ишониб топширилганини таъкидлади.
Шунингдек, давлат мукофотларига муносиб кўрилган фарғоналик устоз ва мураббийларни самимий қутлаб, ушбу юксак эътироф уларнинг кўп йиллик самарали меҳнати, таълим-тарбия соҳаси ривожига қўшган муносиб ҳиссасига берилган юксак баҳо эканини қайд этди ҳамда шарафли ва масъулиятли фаолиятларида янги муваффақиятлар тилади.
Шундан сўнг юксак давлат мукофотлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.









