Ёшларга касб ва хорижий тилларни ўргатишда илғор тажрибалар татбиқ этилади
2026-09-29 21:55:00 / Янгиликлар

Учрашувда Фарғона вилояти ва Германия компаниялари ўртасида турли йўналишлардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида вилоят ёшларига немис тилини ўргатиш, уларни Германияда хавфсиз ва кафолатланган иш ўринларига жойлаштириш тизимини йўлга қўйиш, замонавий ва халқаро стандартларга жавоб берадиган автомактаб ташкил этиш, спорт, хусусан, футбол соҳасини ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, ушбу йўналишларда Германия тажрибасини Фарғона вилоятига татбиқ этиш, малакали кадрлар тайёрлаш, ёшлар учун янги имкониятлар яратиш ҳамда истиқболли лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш бўйича фикр алмашилди.
Делегация аъзолари вилоятда мазкур йўналишларда амалга оширилаётган ишлар, мавжуд имкониятлар ва лойиҳалар билан яқиндан танишгани, ҳудудда яратилган шарт-шароитлар ҳамда амалга оширилаётган тизимли ишларни юқори баҳоладилар.
Вилоят ҳокими Германиянинг илғор тажрибаси ва замонавий ёндашувларини вилоятда жорий этиш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва уларнинг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган ҳамкорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.
Учрашув якунида белгиланган йўналишлар бўйича мулоқотни изчил давом эттириш ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳаларни босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этишга келишиб олинди.


