Фарғона водийси тинчлик, яхши қўшничилик ва умумий тараққиётнинг намунавий маконига айланмоқда
2026-09-28 14:00:00 / Янгиликлар

Мазкур халқаро анжуманда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги вилоят делегацияси, Сўғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода, Қирғизистон Президентининг Боткен вилоятидаги ваколатли вакили Мамиржан Раҳимов, шунингдек, БМТ, Европа Иттифоқи, ЕХҲТ, Халқаро миграция ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар вакиллари, эксперт ва мутахассислар иштирок этмоқда.
Форум Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги азалий дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, Фарғона водийсида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, ҳудудлараро амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига бағишланган.
Анжуманнинг очилишида сўз олган Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғона тинчлик форуми халқларимизнинг азалий дўстлиги, яхши қўшничилиги ва муштарак манфаатларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим мулоқот майдонига айланиб бораётганини таъкидлади.
Фарғона водийси уч давлатни боғлаб турган шунчаки географик макон эмас, балки асрлар давомида ёнма-ён яшаган, тарихи, маданияти ва қадриятлари муштарак халқларнинг умумий уйи экани қайд этилди.
Сўнгги йилларда Марказий Осиёда ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликка асосланган янги муҳит шаклланди. Бу, аввало, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг сиёсий иродаси, очиқ ва прагматик мулоқоти ҳамда минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларининг амалий натижасидир.
Бунинг натижасида чегаралар очилиб, савдо ва транспорт алоқалари кенгайди, сув-энергетика, экологик ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди.
Хусусан, 2025 йил 31 март куни Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлат раҳбарлари томонидан имзоланган Абадий дўстлик тўғрисидаги Хўжанд декларацияси халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч муносабатларини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этди.
Бугун ушбу сиёсий келишувлар ҳудудлар ўртасидаги амалий ҳамкорликда ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Вилоят ҳокими Форум доирасида тинчлик ва ўзаро ишончни амалий ҳамкорликка айлантириш, Фарғона, Сўғд ва Боткен ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, ёшлар ўртасида мулоқотни кучайтириш, таълим, маданият ва тадбиркорлик соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Чегараолди ҳудудлари тадбиркорлари учун “Фарғона водийси бизнес мулоқоти”ни ташкил этиш, келгуси йил февраль ойида “Фарғона Экспо” бизнес марказида Фарғона, Сўғд ва Боткен тадбиркорлари иштирокида кўргазма ўтказиш таклифлари илгари сурилди.
— Биз бир водийда яшаймиз, бир-биримизга энг яқин қўшнимиз. Тарихимиз бир, бугунги манфаатларимиз ва эртанги тараққиётимиз ҳам ўзаро боғлиқ. Шунинг учун Фарғона водийси тинчлик, яхши қўшничилик ва умумий тараққиётнинг намунавий макони бўлиши керак, — деди вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров.
Форум доирасида тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, халқлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ишончни юксалтириш, ҳудудлараро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган таклиф ва ташаббуслар муҳокама қилинмоқда.
Шунингдек, форум доирасида тажриба алмашиш, ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва Фарғона водийсининг барқарор тараққиётини таъминлашга қаратилган аниқ таклифлар муҳокамаси режалаштирилган.









