Навбатдаги сайёр қабул: мурожаатдан амалий натижага
2026-09-25 17:30:00 / Янгиликлар

Президентнинг вилоятдаги Халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган қабулда вилоят прокурори Бахтиёр Исмоилов, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, мутасадди идоралар ҳамда тегишли соҳалар масъуллари иштирок этди.
Вилоятнинг турли шаҳар ва туманларидан келган фуқаролар уй-жой, ер ва кадастр, бандлик ва иш ҳақи, даволаниш, моддий ёрдам, кредит олиш, суд ишлари ҳамда Мажбурий ижро бюроси фаолияти билан боғлиқ масалаларда мурожаат қилдилар.
Юзма-юз мулоқотда вилоят раҳбари ҳар бир мурожаатни тинглаб, кўтарилган масалаларга қонуний ечим топишга эътибор қаратди.
Сайёр қабул давомида жами 154 нафар фуқаронинг мурожаати эшитилди. Шундан тезкор ҳал этиш имкони бўлган 74 та масала бўйича шу жойнинг ўзида масъулларга аниқ вазифалар белгиланди.
Қўшимча ўрганиш, ҳуқуқий ёки ташкилий ечим талаб этадиган мурожаатлар тегишли идораларга йўналтирилди. Уларни белгиланган муддатларда кўриб чиқиш ва натижаси бўйича фуқароларга асослантирилган жавоб бериш вазифаси қўйилиб, ижроси назоратга олинди.









