Фарғонада вилоят футбол академиясининг замонавий стадиони фойдаланишга топширилди
2026-09-24 19:10:00 / Янгиликлар

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, футбол мутахассислари ва мураббийлар, спорт фахрийлари ҳамда ёшлар иштирок этди.
Тадбирда сўз олган Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов Президентимиз ташаббуси ва эътибори билан мамлакатимизда спорт инфратузилмаси тубдан янгиланаётгани, футболни ривожлантириш, ёш иқтидорларни қўллаб-қувватлаш учун замонавий шароитлар яратилаётганини таъкидлади.
Вилоят футбол академиясида ҳам халқаро талабларга жавоб берадиган иккита стандарт футбол майдонининг фойдаланишга топширилиши Фарғонада профессионал футбол ривожи учун яна бир муҳим қадам экани қайд этилди. Бу борадаги яқин ҳамкорлик ва амалий кўмак учун вилоят ҳокимига миннатдорлик билдирилди.
Шунингдек, Фарғона футбол мактабининг бой тарихи ва анъаналари, мамлакат футболи ривожига қўшган ҳиссаси алоҳида эътироф этилди. “Нефтчи” футбол клуби ўзининг муносиб шон-шуҳратини тиклаётгани Фарғона футболи учун муҳим воқеа экани таъкидланди.
Яратилган бундай замонавий шароитлар келгусида Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида тўп сурадиган, халқаро майдонларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган маҳоратли футболчиларни тарбиялашга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров сўзга чиқиб, барчани замонавий футбол майдонининг фойдаланишга топширилиши билан табриклади.
— Ўзбек футболи учун тарихий йиллар бўлмоқда. Миллий терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатида иштирок этиши мамлакатимиз футболи тарихида янги саҳифа очди. Президентимиз томонидан футболни ривожлантириш, ёшлар учун замонавий шароитлар яратишга катта эътибор қаратилмоқда. Ҳудудларда янги футбол майдонлари барпо этиляпти. Ишонаманки, келажакда дунёнинг энг кучли лигаларида тўп сурадиган ўзбек футболчилари мана шундай майдонлардан етишиб чиқади. Ҳақиқий футбол мана шу майдонлардан бошланади. Бунинг учун барча зарур шароитларни яратиб берамиз, — деди вилоят раҳбари.
Келгуси йили Қўқонда футболнинг 115 йиллиги нишонланиши қайд этилди. Шунингдек, “Истиқлол” стадионини кенгайтириш ва янада замонавийлаштириш бўйича таклифлар тайёрланаётгани маълум қилинди. Фарғонани футбол марказига айлантиришдек катта мақсад йўлида кўплаб ишлар амалга оширилиши таъкидланди.
Тадбир давомида нуронийлар, спорт фахрийлари ва ёшлар спортга, хусусан, футбол ривожига қаратилаётган юксак эътибор ва яратилаётган шароитлар учун Президентимизга миннатдорлик билдирдилар.
Шундан сўнг рамзий лента қирқилиб, янги ва замонавий футбол майдонлари ёш спортчилар ихтиёрига топширилди.
Айни пайтда вилоят футбол академиясида 2008–2014 йилларда туғилган 154 нафар ёш футболчи мунтазам шуғулланмоқда. Академия тарбияланувчилари ва битирувчилари бугунги кунда турли нуфузли мусобақаларда муносиб натижаларни қайд этиб келмоқда.









