Фарғонанинг барча ҳудудларида мини технологиялар ярмаркалари ташкил этилади
2026-09-24 15:55:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров мазкур кўргазма билан танишди.
Кўргазмада 50 дан ортиқ ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулот ва технологияларини намойиш қилди. Хусусан, мини техникалар, қадоқлаш, тикувчилик, пайпоқ тўқиш, сабзавотларни тозалаш, озиқ-овқат маҳсулотларини кесиш ва қайта ишлаш, пишириқ тайёрлаш, паррандачилик учун инкубаторлар ҳамда бошқа йўналишларга мўлжалланган ихчам ва замонавий ускуналар тақдим этилди.
Ушбу технологияларнинг аксарияти кам сармоя билан кичик ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва қўшимча даромад манбаларини яратиш имконини бериши билан аҳамиятлидир.
Вилоят ҳокими масъуллар билан ўтказилган мулоқотда бундай кўргазма Фарғонада илк бор ташкил этилаётганини таъкидлаб, унинг асосий мақсади аҳолига ҳамёнбоп, замонавий ва даромад келтирадиган технологияларни яқиндан таништириш, уларни харид қилиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда кичик бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашдан иборат эканини қайд этди.
— Арзон ва сердаромад ускуналарни топиб, уларни ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчилар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш керак. Техникумларнинг мавжуд имкониятларидан фойдаланиб, бундай кўргазмаларни доимий равишда ташкил этиб бориш зарур. Асосийси, замонавий технологияларни аҳолига етказиб, янги иш ўринлари ва даромад манбаларини яратишимиз керак, — деди вилоят раҳбари.
Кўргазма билан танишиш жараёнида тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчилар билан мулоқот қилиниб, тақдим этилган ускуналарнинг нархи, ишлаб чиқариш қуввати, улардан фойдаланиш имкониятлари ҳамда аҳоли учун қулай молиявий механизмларни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда иштирок этган шаҳар ва туманлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари ҳамда мутасаддиларга бу тажрибани вилоятнинг барча ҳудудларида жорий этиш, мини технологиялар ярмаркаларини тизимли ташкил қилиш, ишлаб чиқарувчилар билан маҳаллий тадбиркорлар ўртасида кооперацияни кучайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Шунингдек, аҳолининг талаб ва имкониятларидан келиб чиқиб, даромадли мини технологияларни маҳаллаларгача етказиб бориш, улар асосида янги кичик ишлаб чиқариш лойиҳаларини шакллантириш ҳамда ташаббускорларни молиявий қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш вазифаси белгиланди.









