Спортда марра ҳам, мақсад ҳам катта бўлиши керак
2026-09-24 15:20:00 / Янгиликлар
Учкўприк туманида фаолият юритаётган “Akhmad club” спорт клуби ёшлар орасидан иқтидорли ва истиқболли спортчиларни кашф этиш, уларнинг маҳоратини ошириш ҳамда ҳудудда спортни оммалаштиришда муҳим ўрин тутмоқда.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров 2-сонли техникумда “Akhmad club” томонидан йўлга қўйилган спорт тўгараклари фаолиятини ҳам кўздан кечирди.
Клуб раҳбари Аҳмадали Юнусов спорт йўналишида эришилаётган натижалар, ёшларнинг машғулотларга жалб этилиши ва истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берди.
Айни пайтда клубда волейбол, енгил атлетика, баскетбол, кураш каби ўнга яқин спорт тури бўйича 420 нафардан зиёд ёш мунтазам шуғулланмоқда. Уларнинг орасидан мамлакат ва халқаро мусобақаларда ғолиб ҳамда совриндор бўлган кўплаб спортчилар етишиб чиқмоқда.
Клуб тарбияланувчиларининг истиқболли вакиллари миллий терма жамоалар таркибига ҳам жалб этилмоқда.
Айниқса, волейбол йўналишига қизиқиш юқори. Бугунги кунда вилоятнинг шаҳар ва туманларидан келган 60 нафардан зиёд ёш ушбу спорт тури бўйича мунтазам машғулот олиб бормоқда.
Мулоқотда клуб фаолиятини янада кенгайтириш, жумладан, спорт мактаби ташкил этиш, параспорт турларини йўлга қўйиш, шунингдек, ўқ отиш, бадминтон ва стол тенниси каби янги йўналишларни очиш бўйича режалар айтиб ўтилди.
Вилоят ҳокими мазкур ташаббусларни қўллаб-қувватлашини билдириб, ёшларнинг спортдаги натижаларини инобатга олган ҳолда волейбол майдонини барпо этиш, спорт жиҳозлари ва анжомлари билан таъминлаш ишларида амалий кўмак кўрсатилишини таъкидлади.
Спортчи ёшлар билан самимий мулоқот қилган вилоят раҳбари уларнинг интилиши ва меҳнатини юқори баҳолаб, нуфузли мусобақаларда юксак натижаларга эришишларига ишонч билдирди.









