Фарғонадаги йирик инвестиция лойиҳаси ҳақида Корея матбуоти ёзмоқда
2026-09-23 10:00:00 / Янгиликлар

Жумладан, нуфузли "The Korea Times" нашри “Hansae Mobility” компаниясининг Ўзбекистондаги инвестиция фаолиятига бағишланган мақола эълон қилди.
Мақолада Кореянинг “Hansae Mobility” компанияси Фарғона вилоятига 30 миллион доллар миқдорида инвестиция киритаётгани ҳақида сўз юритилган.
Нашр Фарғона вилоятида автомобиль саноати учун муҳим бутловчи қисмларни маҳаллийлаштиришга қаратилган ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилаётганига алоҳида эътибор қаратган. Компания ўтган йил охирида асосий автокомпонентларни маҳаллийлаштириш жараёнини бошлаган бўлиб, жорий йил сентябрь ойидан кенг кўламли серияли ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани маълум қилинган.
Шунингдек, “Hansae Mobility”нинг Фарғонадаги фаолияти “UzAuto Motors” билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, маҳаллий автокомпонентлар саноатини ривожлантириш ва унинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланган.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров яқинда Кореядаги ташрифи давомида компания раҳбарияти билан учрашиб, янги лойиҳалар бўйича ҳам келишувга эришган.
Эътиборлиси, ушбу инвестиция лойиҳаси ҳақида Кореянинг бошқа нуфузли нашрлари ҳам хабар бермоқда. Хусусан, Seoul Economic Daily ҳам 17 сентябрь куни “Hansae Yes24” гуруҳининг Фарғонада автомобиль қисмлари ишлаб чиқариш базасини ривожлантириш учун 25 миллион долларлик инвестиция режаси ҳақида мақола чоп этган.
Корея матбуотида Фарғонада амалга оширилаётган йирик саноат лойиҳаларининг ёритилиши вилоятнинг хорижий инвесторлар учун жозибадор ҳудуд сифатидаги мавқеи мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади.
