Фарғонада халқаро дуал таълим лойиҳаси бошланди
2026-09-22 19:05:00 / Янгиликлар

Учрашувда халқаро таълим дастури асосида амалга оширилаётган ишлар ҳамда Фарғона шаҳрида рақамли касблар техникумини ташкил этиш лойиҳаси муҳокама қилинди.
“Синергия” Россиядаги йирик таълим ва инновацион кластерлардан бири бўлиб, унинг таркибига 50 дан ортиқ ташкилот киради. Кластер негизини “Синергия” университети ташкил этади.
Ўзбекистонда “Синергия” таълим экотизимини ривожлантириш доирасида Фарғона шаҳридаги 1-сонли техникум негизида рақамли касблар техникумини ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Шунингдек, илк бор вилоятимизда халқаро дуал таълим дастури асосида ўқув жараёни йўлга қўйилди.
Лойиҳанинг дастлабки босқичида техникумда 600 нафаргача талаба, халқаро дуал таълим дастурларида 120 нафар талаба ҳамда IT курсларида 1 100 нафаргача ўқувчини қамраб олиш режалаштирилган.
Таълим жараёнида дастурлаш, сунъий интеллект, график дизайн, 3D моделлаштириш, робототехника, киберхавфсизлик ва бошқа замонавий IT йўналишлари бўйича мутахассислар тайёрланади.
Лойиҳанинг муҳим жиҳатларидан бири таълимни амалиёт билан уйғунлаштиришга қаратилган дуал таълим тизимидир. Унда талабалар ўқиш билан бир вақтда корхоналарда фаолият юритиб, эгаллаётган билим ва кўникмаларини амалиётда мустаҳкамлайди. Россиядан малакали мутахассислар жалб қилиниб, ўқувчиларга дарс беради.
Учрашувда техникумни ташкил этиш билан бир қаторда, ҳудуд меҳнат бозорида энг талаб юқори бўладиган касб ва мутахассисларни тайёрлаш бўйича фикр алмашилди. Рақамли касблар техникумини жорий йил декабрь ойида фаолиятини бошлаши режалаштирилгани қайд этилди.
Шунингдек, лойиҳани амалга оширишнинг кейинги босқичлари, таълим дастурларини ҳудуд эҳтиёжларига мослаштириш, иш берувчилар билан ҳамкорликни кучайтириш ҳамда Фарғонада замонавий IT-таълим инфратузилмасини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.


