Беларуслик инвесторлар билан қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда
2026-09-22 16:10:00 / Янгиликлар

Делегация аъзоларига корхонада мева-сабзавот маҳсулотларини замонавий технологиялар асосида қайта ишлаш, саралаш, музлатиш, сақлаш ва экспортга тайёрлаш жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Корхонада, хусусан, малина, гилос, қорақат ва қулупнай каби экспортбоп маҳсулотлар халқаро талаблар асосида сараланиб, музлатилган ҳолда қадоқланади. Тайёр маҳсулотлар Россия, Туркия, Беларусь ва Қозоғистон каби давлатларга мунтазам экспорт қилинмоқда.
Меҳмонлар ишлаб чиқариш жараёнлари, замонавий совутиш ва сақлаш омборлари, экспорт логистикаси ҳамда маҳсулот сифатини таъминлаш имкониятларини кўздан кечирдилар.
Маълумотга кўра, бугунги кунга қадар корхона томонидан умумий қиймати 3 миллион доллардан зиёд маҳсулот хорижий бозорларга экспорт қилинган.
Айни пайтда корхонада 100 нафардан ортиқ доимий ишчи меҳнат қилмоқда. Мавсумий даврларда иш билан таъминланганлар сони 200 нафаргача етади. Айниқса, маҳаллий аҳоли, хотин-қизлар ва ёшлар учун янги иш ўринлари яратилаётгани корхонанинг ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожидаги аҳамиятини оширмоқда.









